ЎзА Ўзбек

02.03.2020 Чоп этиш версияси

Хотин-қизлар қўмитасининг тақдири нима бўлади?

Хотин-қизлар қўмитасининг тақдири нима бўлади?

Бу саволга маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Элмира Боситхонова жавоб бериб, ҳозирда ҳуқуқий чоралар кўрилаётганини айтди. Бу борадаги ишлар қонуний равишда ҳал этилишини таъкидлади.

Таъкидланганидек, вазирлик фаолиятида хотин-қизлар билан ишлаш энг бирламчи вазифа сифатида қаралади. Бунда хотин-қизлар билан ишлаш бўйича мутахассислар ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда маҳалладаги хотин-қизлар билан қалбан яқин бўлиб, уларнинг мавжуд муаммоларига ечим топишга кўмаклашади.

Бунда катта ҳаёт тажрибасига эга нуроний отахон ва онахонларимиз ёрдамига таянилади. Зеро, кўпни кўрган оқсоқоллар, тажрибали нуронийларимиз жамоатчилик билан биргаликда маҳалла ва оилалардаги ҳар қандай муаммони ҳал қилиш, хато қилган ёшларни тўғри йўлга бошлашда катта кўмак беради. 

Маълумки, маҳалла раислари ва профилактика инспекторларининг мажбуриятлари камайтирилиб, ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайтирилмоқда. Шу кунга қадар маҳалла раислари зиммасида бўлган 46 турдаги, профилактика инспекторлари зиммасидаги 13 турдаги ортиқча вазифа ва функциялар олиб ташланди. Маҳалла раиси энди том маънода ўз ҳудудининг эгасига, маҳалласида кечаётган барча жараёнларга масъул шахсга айланади. Бир сўз билан айтганда, улар “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини амалиётга жорий этиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва осойишталикни таъминлаш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, томорқалардан унумли фойдаланиш, ер участкаларини ноқонуний эгаллашнинг олдини олиш, ҳудудни ободонлаштириш каби аниқ мақсадларга йўналтирилган масалалар билан шуғулланади. 

1 686
Барно Мелиқулова, ЎзА