ЎзА Ўзбек

18.07.2018 17:30 Чоп этиш версияси

Хотин-қизлар қўмитаси қўшни давлат билан муҳим масалада меморандум имзолади

Хотин-қизлар қўмитаси қўшни давлат билан муҳим масалада меморандум имзолади

Мамлакатимизда Қирғизистон Республикасининг хавфсизлик, ҳуқуқ-тартибот ва қонунчилик секторларининг хотин-қизлар ассоциацияси делегацияси меҳмон бўлиб турибди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасида мазкур делегация вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оила, оналик ва болаликка оид долзарб масалаларга ўз вақтида ечим топиш, саломатликни мустаҳкамлаш, ёшлар, оилалар тадбиркорлигини равнақ топтириш масалалари устувор ўрин эгаллашини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони бу йўналишда янги имкониятларни очмоқда. Мамлакатимизда аёлларга қаратилаётган эътибор, хотин-қизлар, оилалар манфаатларини таъминлаш борасидаги амалий ишлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан Қирғизистон Республикасининг хавфсизлик, ҳуқуқ-тартибот ва қонунчилик секторларининг хотин-қизлар ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик масалалари бўйича меморандум имзоланди.

Қирғизистон делегациясининг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимида меҳнат қилаётган хотин-қизлар билан учрашуви ҳам самимий руҳда ўтди.

– Ташриф ғоят самарали бўлмоқда, – деди Қирғизистон Республикасининг хавфсизлик, ҳуқуқ-тартибот ва қонунчилик секторларининг хотин-қизлар ассоциацияси раиси Каана Айдаркул. – Мулоқот ва учрашувлар давомида ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олмоқдамиз. Ўзбекистонда аёллар, оилалар манфаатини таъминлаш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлар эътиборга моликдир.

Меҳмонлар Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Халқ таълими вазирлигида ҳам бўлди.

Шунингдек, Самарқанд шаҳрига ташриф кўзда тутилган.

Н.Усмонова, ЎзА
6 746