ЎзА Ўзбек

01.08.2019 Чоп этиш версияси

Хотин-қизлар қўмитаси аёлларнинг интернетда айтилаётгани каби рўйхати тузилишини қатъиян қоралайди ва буни демократия тамойилларига зид, деб ҳисоблайди

Хотин-қизлар қўмитаси аёлларнинг интернетда айтилаётгани каби рўйхати тузилишини қатъиян қоралайди ва буни демократия тамойилларига зид, деб ҳисоблайди

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бугун интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда тарқалган, “Жиноятга мойил аёлларнинг 23 тоифаси” сифатида алоҳида урғу қаратилаётган маълумот бўйича расмий ахборот берди.

Айтиш жоизки, дарҳол омма эътиборини тортиб, аҳолида хавотир ҳиссини уйғотаётган (чиндан ҳам, бундай хабар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди, албатта) бу маълумотлар аслида ҳақиқатдан мутлақо йироқдир! 

Хусусан, жорий йилда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, пойтахт Хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилбар Нажмутдинова бошчилигида 10 та туманда ўтказилган йиғилишлар натижасига кўра, ҳар бир маҳаллада маҳалла мутахассиси ва профилактика нозирлари томонидан ҳудудда истиқомат қилувчи хотин-қизларнинг (жиноятчиликка мойилларнинг эмас, барча хотин-қизларнинг) 23 та тоифа бўйича электрон картотекаларини шакллантириш вазифаси белгилаб олинган. 

Чунончи, шу асосда 27 июнь куни “Тошкент шаҳрида хотин-қизлар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатларининг олдини олиш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар” ишлаб чиқилиб, Тошкент шаҳар ҳокими томонидан имзоланган. 

Мазкур қўшма қарор Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва Тошкент шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида тайёрланган бўлиб, унинг асл мақсади жиноятга мойил аёлларнинг 23 тоифасини аниқлаш эмас, балки барча хотин-қизларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилияти ҳамда имкониятларини рўёбга чиқаришига кўмаклашиш, ёрдамга муҳтож, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган ҳамда бошқа тоифадаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, аёллар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишдан иборатдир. 

“Хотин-қизлар қўмитаси аёлларнинг интернетда айтилаётгани каби рўйхати тузилишини қатъиян қоралайди ва буни демократия тамойилларига зид, деб ҳисоблайди. Журналист ҳамда блогерлардан эса ҳар қандай маълумотни тарқатишда фактнинг холис ва ҳаққоний эканлигига жиддий ёндашишларини сўрайди“ - дейилади қўмита расмий ахборотида.

8 728
ЎзА