ЎзА Ўзбек

12.07.2019 16:31 Чоп этиш версияси

Хотин-қизлар камситилишига йўл қўйилмайди?

Хотин-қизлар камситилишига йўл қўйилмайди?

Когон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси қошида ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази очилди.

Марказ аёлларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда муаммоларини ҳал этиш йўналишида фаолият юритади.

– Марказ фаолияти кенг қамровли, – дейди шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Эргашева. – У оғир аҳволда қолган, оиласида муаммолари бўлган, турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган аёлларга қонун доирасида шошилинч тиббий, руҳий, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдамларни кўрсатади. Ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, қолаверса, фуқаролар билан ўзаро самарали ҳамкорлик ўрнатишга кўмаклашади. Шу жиҳатдан қараганда, ҳудудимизда хотин- қизлар билан боғлиқ турли салбий ҳолатларни бартараф этишда марказнинг аҳамияти катта.

Марказда унинг олдига қўйилган долзарб масалаларни бартараф этишга бағишланган амалиётлар, семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ўтказилиши кўзда тутилган.

photo5278282977790503654.jpg

Маросим қатнашчилари марказда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Яна бир муҳим жиҳат. Марказ яқинида унинг мақсад ва вазифаларига мос келадиган ижтимоий уй ҳам фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда турмуш қийинчиликлари олдида танг ҳолда қолган, уйсиз аёллар муайян муддат яшайди. Давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан уларнинг меҳнат бандлигини таъминлаш, фарзандларини мактабгача таълим муассасаларига жойлаштиришга кўмаклашилмоқда.

Яқин орада бу аёлларнинг бошқа ижтимоий муаммоларини ҳам ҳал этиш кўзда тутилган. Шу куни ижтимоий уйда хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган чуқур тиббий кўрик ҳам ўтказилди.

photo5278674816246852376.jpg

– Вилоятнинг 6 та шаҳар ва туманида Ижтимоий реаблитация қилиш ва мослаштириш марказлари фаолият кўрсатмоқда, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Феруза Ибрагимова. – Йил охиригача қолган 7 та туманда ҳам оила институтларини янада мустаҳкамлаш, аҳоли ўртасида ўзаро низоли вазиятларни бартараф этишда ҳамда оилавий-маиший зўрлик ишлатилишидан азият чекаётган аёлларга ўз вақтида манзилли ёрдам кўрсатадиган замонавий қулайликларга эга ана шундай марказлар ташкил этилади. Улар Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 14 июндаги “Бухоро вилоятини хотин-қизлар билан ишлаш йўналишида намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори доирасида амалга ошириладиган ишлар самарадорлигини таъминлашга муҳим ҳисса қўшади.

Эркин ЁДГОРОВ, ЎзА
1 413