ЎзА Ўзбек

02.03.2018 14:18 Чоп этиш версияси

Хотин-қизлар фаолияти такомиллашмоқда

Миллий матбуот марказида «Адолат» социал-демократик партияси «Аёллар қаноти» кенгаши ташаббуси билан партия, Хотин-қизлар қўмитаси ва «Оила» илмий-амалий тадқиқот марказининг ҳамкорлигига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Унда аёллар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда жамоат ташкилотларининг фаоллигини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳамкорлигини кучайтириш, бу борада юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш чоралари муҳокама этилди.

Эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатлари, никоҳ ёшининг оила мустаҳкамлигини таъминлашдаги аҳамияти, ажрашишларнинг олдини олишда оилавий қадриятларнинг ўрни ҳақида ҳаётий мисоллар асосида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

– Мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб негизида мазкур муаммоларни бартараф этиш мақсади мужассам, – деди «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази масъул ходими Феруза Акрамова. – Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Семинарда иштирокчиларнинг мазкур фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда ҳамкорликни кучайтириш, мавжуд муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, ушбу ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифлари тингланди.

Гулноза Бобоева, ЎзА
8 706