ЎзА Ўзбек

02.12.2019 Чоп этиш версияси

Хотин-қизлар дунё ҳимоясида

Хотин-қизлар дунё ҳимоясида

БМТ маълумотига кўра, дунёдаги аёлларнинг 35 фоизи турли кўринишдаги тазйиқларга учраши кузатилади. Биргина 2017 йилда 87 минг аёл тазйиқлар оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқида “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан ўтказилган “Биз хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ва тазйиққа қаршимиз” мавзуидаги акцияда бу каби аянчли ҳолатларнинг олдини олиш чора-тадбирлари ҳақида сўз юритилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Реабилитация ва мослаштириш республика маркази, USAIDнинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари дастури масъул ходимлари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оғир ижтимоий вазиятдаги аёлларга кўмак кўрсатиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва ижтимоий таъминотининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасида қатор вазифалар белгилангани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун бу борадаги вазифаларнинг амалий натижаси эканига урғу берилди.

Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан USAIDнинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари дастури билан ҳамкорликда ўтказилаётган медиа тадбирлари ҳақида маълумотлар берилди. Ушбу тадбирлар “Аёлларга нисбатан зўравонликка қарши 16 кун” шиори остида 25 ноябрдан 16 декабрга қадар ўтказилмоқда.

Тадбир давомида аҳолини қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятидан кенг хабардор этиш мақсадида тайёрланган “Ўзбекистон қонунчилигида гендер тенглиги ва хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатлари” мавзуидаги рисола тақдимоти ҳам ўтказилди. Ушбу рисола “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда USAIDнинг Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари дастури ҳамкорлиги маҳсулидир.

Иштирокчилар унинг қонун нормаларини содда ва тушунарли тилда акс эттирган ҳолда тайёрланганига алоҳида эътибор қаратди. Хотин-қизларнинг жамиятдаги ижтимоий мавқеини мустаҳкамлашга, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган чораларнинг ижобий натижаларига хизмат қилишини қайд этди.

Шунингдек, тадбир давомида қонун мазмунига бағишланган шарҳ, видеоролик ва бошқа кўринишдаги тақдимотлар ҳам бўлиб ўтди.

939
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА