ЎзА Ўзбек

16.09.2020 Чоп этиш версияси

Хотин-қизлар бандлиги таъминланмоқда

Хотин-қизлар бандлиги таъминланмоқда

Президентимизнинг 2020 йил 11 августдаги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Сирдарё вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Оилада бир кишининг ишлаши қорақозонни қайнатади, дастурхонига қут-барака қўндиради. Эр-хотиннинг меҳнат қилиши эса оилавий бюджетни мустаҳкамлайди, қўшимча даромад манбаини ҳосил қилади. Йиллик оилавий режасига: уй-жойини, рўзғорини, фарзандларини каму-кўстини тўлдириш, тўй-томоша қилиш, дам олиш каби яна бир қатор бандларни киритади.

Ота-боболаримиз, қиз бола бировнинг хасми, аммо уни эгасига узатишдан аввал ҳунар ўргатиб кузат, деган пирмаъно ҳикматни айтиб ўтишган. Шу сабабдан ҳам момоларимиз гилам, кашта тўқишни, дастрўмолдан тортиб кўйлагу чопонгача тикишни билишган.

Кечаги кунгача, нафақага чиқиш пайтида аёлларимизнинг 80-85 фоизига “уй бекаси” мақоми берилиб, умри давомида бирор соати бекор ўтмаган, 5-6 нафардан фарзанд туғиб, тарбиялаганинику айтмай ҳам қўяқолайлик, аммо уларнинг кўпчилиги, гилам тўқиб, кигиз босиб, дўппи тикиб, ширин-шакар таомлар пишириб сотиб, оилавий иқтисодига баҳоли-қудрат ҳисса қўшиб келган оналаримизга арзимаган маблағ билан пенсия тайинланиб келинди.

Тўғри, бугун замон ўзгарди, ўтмиш, ҳатто, бундан 3-4 йил аввал билан бугунни солиштирсак ер билан осмонча фарқ бор.

Президентимиз мазкур қарорлари билан ўзини ўзи банд қилишдек жамиятимиз ва ҳаётимизда мақсад ва маъно касб этувчи йўналишни, аниқроғи, камбағаллик даражасидан чиқиш йўлида муҳим аҳамият касб этувчи дастуриламални яратиб бердилар.

Бугун вилоятимизда истиқомат қилувчи хотин-қизлар сони 420 мингдан ортиқ бўлиб, шундан 224 минг 573 нафари меҳнатга лаёқатли аёллар ҳисобланади. Кичик бир вилоятга бу каттагина бир куч деган маънони беради. Хотин-қизларимиз бандлигини таъминлаш мақсадида бандлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда вилоятда 19 минг 21 нафар хотин-қиз ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилган ҳолда бандлигини таъминладик. Шунингдек, 1 минг 75 нафар хотин-қиз касбга қайта тайёрлов қисқа курсларида ўқитилиб, аёлларимизнинг 104 нафарига 155 миллион 687 минг сўм субцидия ажратилди ва иссиқхоналар қурилиб, у ерга экиш учун уруғ-кўчатлар ҳам етказиб берилди.

Нафақат аёллар, балки ҳар бир фуқаромизнинг бандлигини таъминлаш мақсадида Боёвут туманининг Истиқлол, Мирзаобод туманидаги Навбаҳор ва Ҳақиқат маҳалласида меҳнат гузарлари ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда ушбу биноларда сўнгги таъмирлаш-пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.

Оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш дастурига асосан 500 нафар хотин-қизлардан 287 нафарининг бандлиги таъминланиб, бу борадаги ишлар вилоятимизнинг бошқа ҳудудларида давом этмоқда.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва вилоят ҳокимлиги томонидан имзоланган “Ўзҳунармандтаълим” лойиҳаси ижроси доирасида 224 та маҳалладаги 3 минг 312 нафар ишсиз, 1 минг 817 нафар имконияти чекланган ва 3 минг 673 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оила бекалари ҳунар ўрганишга жалб қилинди. Тадбир давомида 600 нафардан ортиқ хотин-қиз “Сен фақат ётиб ейишни биласан” деган дашномдан қутилиб, улар билан меҳнат шартномалари тузилди ва бандлиги таъминланди.

Вилоятда ижтимоий дастурлар доирасида хотин-қизлар ҳамда уларнинг тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2 минг 227 нафар хотин-қизга 66 миллиард сўмдан ортиқ банк кредитлари тақдим этилган.

photo_2020-09-16_20-08-41.jpg

Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази томонидан жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида 150 нафар сирдарёлик хотин-қизлар касбга қайта тайёрлаш ва малака ошириш қисқа курсларида қайтадан ўқитилди.

Вилоятимиз бўйича 3 минг 621 нафар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган хотин-қизларимиз эса 10 минг 885 та янги иш ўрни яратди. Ушбу рақамларни мамлакатимиз миқёсида кўпайтирсак, бугунги ўзбек аёли, ўзбекистонлик хотин-қизлар мамлакатимиз иқтисодиётининг юксалишига, камбағаллик даражасига тушиб қолган оилаларимизни бу боқимандалик иллати туфайли юзага келган “ботқоқ”дан чиқиб кетишида нақадар муҳим аҳамият касб этишни тасаввур қилиш қийин эмас.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ва вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган дастур ижроси доирасида 4 нафар хотин-қиз уй-жой билан таъминланди.

99 нафар хотин-қизнинг уй-жойлари таъмирлаб берилди. 210 нафар хотин-қизга 356 миллион 680 минг сўм моддий ёрдам, бандлигини таъмнлаш мақсадида 92 нафар хотин-қизларга 131 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.

Мамлакатимизда аёллар ва ёшлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор бераётганлиги, уларни ҳар бирлари билан мунтазам ишлаш мақсадида “Аёллар дафтари” жорий этилиши ҳам хотин-қизлар бандлигини таъминлашда индивидуал ёндашувни талаб этади.

Айни кунда вилоятимиз бўйича 4 минг 525 нафар ишсиз хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилган. Уларнинг орасида боқувчисини йўқотган, турмуши бузилган, якка-ёлғиз, оиласида ногиронлиги бор ва ҳоказо аёллар шу рўйхатдан жой олган ва уларнинг 1 минг 631 нафари 30 ёшгача бўлган ёшлар ҳисобланади.

Вилоятда аҳолининг иш билан бандлигига кўмаклашиш, уларни тадбиркорликка жалб этиш ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш орқали иш билан бандлик даражасини ошириш юзасидан ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”га асосан йил якунига қадар жами 2 минг 870 нафардан ортиқ хотин-қиз бандлигини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилади.
Жумладан, 500 нафар оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизлар бандлиги таъминланади.

Хотин-қизларни ҳаётга мотивациялаш ва касбга ўргатиш бўйича 11 та ўқув курсида 485 нафар хотин-қизлар қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитилиб, қайта тайёрланди. 379 нафар ишлаш истагида бўлган уй бекалари, шу жумладан, қўлида ҳунари бўлган хотин-қизларни ўзини ўзи банд қилиш орқали бандлигини таъминлаш бўйича аниқ чоралар кўрилади.

Амалга оширилган бу ишлар ва режалаштирилаётган лойиҳалар – биз учун сўнгги манзил эмас ва бу билан биз тўхтаб қолмоқчи ҳам эмасмиз. Ишга лаёқатли бўлган, аммо вақтинча ишсиз бўлган аёлларимизнинг бандлигини тўлиқ таъминласак, юрагида меҳри, кўзида ўти бор Сирдарё аёлларининг нималарга қодир эканлигига ўшанда ўзингиз гувоҳ бўласиз.

Наргиза ТОЖИБОЕВА,
Сирдарё вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш 
бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари

1 785
ЎзА