ЎзА Ўзбек

03.05.2018 16:02 Чоп этиш версияси

Хорижлик мутахассислардан маҳорат сабоқлари

Хорижлик мутахассислардан маҳорат сабоқлари Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида Россия соғлиқни сақлаш вазирлигининг Н.Блохин номидаги миллий онкология тиббий тадқиқот маркази мутахассислари иштирокида конференция ўтказилди.

Филиал ходимлари, самарқандлик онколог мутахассислар иштирок этган анжуманда бугунги кунда дунё миқёсида онкологик хасталикларнинг олдини олиш, касалликни эрта аниқлаш ва даволаш борасида олиб борилаётган ишлар, қўлланилаётган тиббий усуллар ҳақида сўз юритилди. Ушбу йўналишда юртимизда 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастур асосида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди.

– Президентимизнинг 2017 йил 4 апрелдаги қароридан сўнг мамлакатимизда аҳолига онкологик ёрдам кўрсатиш тизими тубдан такомиллашди, тиббий муассасаларнинг замон талаблари даражасида фаолият кўрсатиши учун кенг имкониятлар яратилди, – дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали раҳбари М.Жўраев. – Бунинг натижасида саратон диагностикаси ва даволашнинг замонавий усуллари кенг жорий этилди. Самарқандда илк бор қизилўнгач саратони бўйича мураккаб жарроҳлик амалиёти, меъда саратони бўйича кенгайтирилган гастрэктомия ва бир вақтнинг ўзида сунъий ошқозон ясаш амалиёти йўлга қўйилди. Шунингдек, ўпка саратони, кўкс оралиғи ўсмалари бўйича юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилди. 10 дан ортиқ ходимларимиз Ҳиндистон, Туркия, Россия давлатларидаги тиббий муассасаларда малака ошириб қайтди. Айни пайтда россиялик ҳамкасблар ёш мутахассисларимиз учун маҳорат сабоқлари ўтиб, ўзаро тажриба алмашмоқда. Биргаликда беморлар кўрикдан ўтказилиб, хулосалар берилмоқда.

Н.Блохин номидаги миллий онкология тиббий тадқиқот маркази шифокорлари Ю.Вахабова ҳамда В.Мочальникова онкологик морфология ва кимётерапия бўйича мутахассис ҳисобланади. Улар ушбу йўналиш бўйича самарқандлик ҳамкасбларига ўз тажрибаларини ўргатиб, беморларни даволаш амалиётида қатнашмоқда.

10.JPG

11.JPG

– Ўзбекистонда онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш борасида кейинги пайтда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда – дейди В.Мочальникова. – Самарқанддаги тиббий муассасанинг бугунги фаолияти, бу ерда бажарилаётган замонавий даволаш методлари ва жарроҳлик амалиётлари билан танишиб, бунга яна бир бор амин бўлдик. Филиал мутахассисларининг хорижда малака ошириб, энг сўнгги русумдаги тиббий ускуналардан самарали фойдаланган ҳолда беморларга хизмат кўрсатаётгани эътиборимизни тортди. Шунингдек, ёш ходимларнинг пухта билимга эга экани, назарияни чуқур ўзлаштиргани амалиётда, иш жараёнида яққол намоён бўлмоқда. Соҳада кўп йиллик тажрибага эга бўлсак-да, биз ҳам улардан нималардир ўрганяпмиз.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
9 104