ЎзА Ўзбек

14.05.2019 11:39 Чоп этиш версияси

Хорижлик инвесторлар Косонда

Хорижлик инвесторлар Косонда

Қашқадарё вилоятида туманлар миқёсида халқаро бизнес форумларнинг ташкил этилиши инвестицион фаолиятни янада ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш борасида пойдевор бўлмоқда. Косон туманида ташкил этилган халқаро бизнес форумда Эрон, Жанубий Корея, Россия, Араб Амирликлари, Туркия, Италия давлатларидан бир гуруҳ инвесторлар ташриф буюрди.

Косон тумани майдонининг кенглиги, табиий иқлим шароити, қулай иқтисодий жойлашуви, яъни ҳудуд Қарши-Бухоро халқаро автомагистрал йўли ёқасида жойлашгани, темир йўлнинг мавжудлиги билан алоҳида ажралиб туради. Табиий ер ости бойликлари кўп. Гленобиномед, гил тупроқ захираларининг мавжудлиги қурилиш, нефть-газ саноати учун муҳим хом ашё ҳисобланади. Тадбир иштирокчилари туман иқтисодий салоҳияти, ишлаб чиқариш саноати, қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ амалий кўргазма билан танишди. Форум давомида хорижлик ишбилармонларнинг тақдимотлари ўтказилди.

Шу билан бирга меҳмонлар ўзларининг дастлабки таассуротлари ҳақида сўзлаб берди. Вилоят ва туманнинг инвестицион ва туристик салоҳиятини намойиш этувчи видеоролик форум иштирокчиларининг бу сўлим ўлка ҳақидаги тасаввурларини янада бойитди.

Таъкидлаш жоизки, туманда 2018-2019 йилда хорижий компаниялар иштирокида 10 га яқин янги корхоналар давлат рўйхатидан ўтказилди. Жумладан, нефть-газ ва энергетика корхоналаридаги ускуналарни таъмирлаш ва сервис хизматлари кўрсатиш бўйича қўшма корхона ташкил этиш, Испания давлати компаниялари билан ҳамкорликда олтингугурт кислотаси ишлаб чиқариш заводи бунёд қилиш бўйича лойиҳа ишлари якунига етиб, ҳадемай қурилиш ишлари бошланади. Олтингугурт кислотаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилса, тоғ кон саноатига хориждан кириб келаётган импорт маҳсулотларининг ўрнини қоплайди. Ҳудудда тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилиб, қўшилган қиймат яратилади. Ушбу лойиҳа билан қарийб 15 миллион долларлик тўғридан-тўғри инвестиция кириб келади. Айни пайтда Эрон давлатининг етакчи транспорт корхоналари билан халқаро логистика марказини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Форум давомида хорижлик инвесторлар билан алоҳида хоналарда танишув ва келишувлар олиб борилди. Жанубий Кореялик ишбилармонлар нефть ва газ заводлари учун зарур ускуналар, эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарадиган корхона қуришни режалаштиришди. Эрон давлати билан иссиқхона учун асбоб-ускуналар ишлаб чиқарадиган завод барпо этиш бўйича келишув меморандуми имзоланди.

– Бизнинг компания замонавий иссиқхоналар қуриш учун асбоб ускуналар ишлаб чиқаради, – дейди Ҳамид Реза Абдехинежад, инвестор (Эрон). – Қарши шаҳрида ана шундай корхона қуриш учун 20 гектар ер ажратиб берилди. Заводнинг лойиҳа қиймати 15 миллион АҚШ долларини ташкил этади. 200 нафар иш ўрни яратилади. Косон туманида ҳам ана шундай корхона бунёд этишни режалаштираяпмиз. Бундан ташқари мутахассислар тайёрлайдиган марказ ҳам ташкил этмоқчимиз.

Туманда 2018 йилда 1 миллион долларлик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари четга экспорт қилинди. 2019 йилнинг биринчи чорагида 2 миллион 685 минг АҚШ долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилди. Бугунги кунда Турон ҳудудида 6 минг 800 гектар майдонга тарвуз маҳсулотлари экилиб, ҳадемай 200 минг тонна полиз маҳсулоти четга экспорт қилинади. Форум давомида инвесторларга бу борадаги истиқболли лойиҳалар ҳам тақдим этилди.

– Ўзбекистон элчихонасининг таклифи билан юртингизга келганмиз, – дейди Глеб Борухов, инвестор (Англия). – Мақсадимиз Ўзбекистоннинг инвестиция имкониятларини ўрганиб чиқиш, шунингдек маҳаллий ҳамкорлар билан бирга нефт ва газ, фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшма корхоналар ташкил этиш ва ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш. Таассуротларимиз жуда катта. Ва шунга амин бўлдикки, Ўзбекистонда чет эл компаниялари билан алоқа яхши йўлга қўйилган. Бу ердаги имконият ва имтиёзлар билан танишган ҳар қандай компания ёки инвестор режаларини амалга оширишни хоҳлаши аниқ. Ҳамкорликда ишлаш учун бу ерда амалий ҳаракат ва иштиёқ бор. Ўзбекистонликларни энг ишончли ҳамкор десак бўлади.

Туманда тадбиркорларнинг эҳтиёж ва имкониятлари ҳисобга олиниб, Косон саноат провенциясини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу эзгу ният бизнес форум иштирокчиларига тақдим этилди.

– Айни пайтда 4 гектарлик майдонда кичик саноат зонаси бунёд этилмоқда, – дейди Косон туман ҳокими ўринбосари Абдулла Абдиев. – Бу ерда Косон капитал инвест МЧЖ томонидан лойиҳа қиймати 5 миллиард сўм бўлган тегирмон цехи ишга туширилди. Унинг 400 миллион сўми банк кредити бўлса, қолган қисми тадбиркорнинг ўз маблағи ҳисобидан амалга оширилди. Украина технологияси асосида жиҳозланган тегирмонда айни вақтда бир кеча кундузда 20 тонна буғдой қайта ишланиб, сифатли, олий навли ун ишлаб чиқарилмоқда. Тегирмон цехи ишга туширилиши муносабати билан 10 та янги иш ўрни яратилди. Айни вақтда 1 гектар ерда иссиқхона қуриш ишлари бошлаб юборилган.

Саноат провенциясида тадбиркор Ҳамза Абдиназаров томонидан ғишт ишлаб чиқариш заводи ҳам бунёд этилди. Ёш тадбиркор дастлаб фаолиятини автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил этишдан бошлаган бўлса, бугунги кунга келиб, йирик тадбиркорлик субъекти – ғишт ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш универсал реал савдо МЧЖ барпо қилди. Бу ерда айни пайтда 50 дан ортиқ ишчи хизматчилар меҳнат қилишади. Завод фаолиятини бошлаган пайтда ғишт пишириш хумдони бир донани ташкил этган бўлса, бугун уларнинг сони 3 тага етди. Дастлабки кезларда кунига 10-15 минг дона ғишт ишлаб чиқарилган бўлса, ҳозирги кунда 60-70 минг дона ғишт қурилиш ташкилотлари ва аҳолига арзон нархларда етказиб берилмоқда. Шу билан бирга аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 30 тонналик юк ташиш машиналари харид қилинди. Талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, завод фаолиятини узлуксиз йўлга қўйиш мақсадида 1 гектар ер майдонига усти ёпиқ айвон қурилмоқда.

Фойдаланилмай турган ҳудудда бунёд этилаётган янги корхонанинг лойиҳа қиймати 2,5 миллиард сўмни ташкил этади. Хитойдан замонавий техонологиялар олиб келиб ўрнатилади. 20 та янги иш ўрни яратилади.

Ҳудудларни янада ривожлантириш, имкониятлардан унумли фойдаланиш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари яратиш. Бу эзгу мақсад амалга оширилган ҳар бир ташаббус ва истиқболли лойиҳаларда ўз ифодасини топмоқда.

Ў.БАРОТОВ, ЎзА
1 597