ЎзА Ўзбек

17.08.2018 19:35 Чоп этиш версияси

Хорижий тажриба ва маҳаллий ишланмалар

Хорижий тажриба ва маҳаллий ишланмалар Пойтахтимиздаги Алоқа тарихи музейида “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази томонидан ташкил этилган галдаги семинар Давлат хизматлари агентлиги фаолияти, эришилган ютуқ ва режалар, электрон хизматлар кўрсатишда Молдова Республикасининг тажрибасини ўрганиш масалаларига бағишланди.

“Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази директори ўринбосари Ф.Орифжонов, Молдова ҳукуматининг ахборот технологиялари бўйича директори Ю.Цуркану ва бошқалар "Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантиришда хорижий мамлакатлар тажрибаси муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

– “Рақамли Ўзбекистон” (Digital Uzbekistan) лойиҳаси бўйича Жаҳон банки Ўзбекистонга техник ёрдам кўрсатмоқда, – деди Жаҳон банки дастурлари бўйича катта мутахассиси Люда Бужорену. – Мазкур лойиҳага тайёргарлик доирасида бошқа давлатлар мутахассисларини ҳам таклиф этмоқдамиз. Семинарда Молдова Республикаси вакиллари электрон давлат хизматлари бўйича тажриба ва билимлари билан ўртоқлашди. 

photo5454108794175990230.jpg

Семинарда Юрий Цуркану электрон ҳисобга олиш тизимини яратиш ва унинг электрон хизматларни кўрсатишдаги роли, бунда "eID" ва "Mobile eID" экотизимларини жорий қилиш, аутентификация ва электрон имзонинг қўшма платформалари ҳақида батафсил маълумот берди.

Давлат хизматлари агентлиги маълумотига кўра, авваллари Давлат хизматлари марказларига кунига 20-30 киши мурожаат қилган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 300-700 етган. Бу агентлик томонидан кўрсатилаётган хизматлар тури кўпайгани билан изоҳланади. Ҳозирда Давлат хизматлари марказлари аҳолига 80 турдаги хизматларни кўрсатмоқда. 2025 йилга келиб улар сони 400 дан оширилиши кутилмоқда.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
5 431