ЎзА Ўзбек

15.08.2019 Чоп этиш версияси

Хорижий кинокомпанияларга Ўзбекистондаги съёмка харажатларининг бир қисми компенсация қилинади

Хорижий кинокомпанияларга Ўзбекистондаги съёмка харажатларининг бир қисми компенсация қилинади

2020 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда “rebate” тизими йўлга қўйилади, биринчи марта “LocationEXPOuz” маҳаллий кинолокациялар кўргазмаси бўлиб ўтади. Ҳар йили халқаро кинотадбирларда Ўзбекистоннинг миллий павильони ташкил этилади. Шунингдек, хорижий кинокомпанияларга ташкилий ҳамда техник жиҳатдан кўмак берилади ва бу, шубҳасиз, маҳаллий кинотуризмни ривожлантиришда катта самара кўрсатади.

Президентимизнинг жорий йил 13 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2020 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон ҳудудида аудиовизуал маҳсулот яратувчи хорижий кинокомпаниялар муайян шартларни бажарган тақдирда, харажатларнинг бир қисми, фильм съёмкасига сарфланган маблағнинг 20 фоизгача бўлган миқдорда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

“Rebate” - съёмкалар ўтаётган мамлакат ҳудудларининг ҳукумати томонидан кино ишлаб чиқаришга кетган харажатларни қоплаш, бу продюсерларга муайян шартларни бажарган тақдирда, фильм съёмкасига сарфланган маблағнинг бир қисмини қайтариш имконини беради.

Энди Ўзбекистон кинопродюсерлар учун муносиб курашга киришмоқда, зеро бу нафақат сайёҳлар оқими ва мамлакат имижига, балки лойиҳадан мамлакатда қоладиган бюджетга ҳам таъсир қилади.

Шунингдек, Ўзбекистонда биринчи марта маҳаллий кинолокацияларнинг “LocationEXPOuz” коʼргазмаси ташкил қилиниб, уни ҳар йили “PROlogue” халқаро кинофестивали доирасида ўтказиш йўлга қўйилади. “LocationEXPOuz” – бу бутун дунёнинг етакчи кинопродюсерлари, кинокомпаниялари ва локейшн менежерларини съёмкалар учун бизнинг маҳаллий кинолокацияларимиз, ишлаб чиқариш техник шароитларимиз билан таништирувчи “shouril”, бундан мақсад хорижий кино ишлаб чиқарувчиларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жалб қилишдан иборатдир.

Ҳужжатга мувофиқ, халқаро кинотадбирларда Ўзбекистон Миллий павильонининг ташкил этилиши, “LocationEXPOuz” кўргазмасининг ўтказилиши ҳамда хорижий кинокомпанияларга беминнат ташкилий ва ишлаб чиқариш-техник ёрдам кўрсатиш Ўзбекистон Миллий кинокомиссияси томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбеккино” миллий агентлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкилотига ҳар йили юқорида қайд этилган вазифаларни амалга оширишда маблағ ажратиш вазифаси юклатилган.

Шу билан бирга, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қошидаги Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобидан Ўзбекистоннинг тарихий ва афсонавий шахслари ҳақида қисқа ва тўлиқ метражли бадиий фильмлар, ҳужжатли-хроникал фильмлар съёмкаси учун лойиҳа қийматининг 30 фоизи миқдорида, лекин 3 млрд. сўмдан ошмаган ҳолда грантлар ажратилади.

Ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасининг таҳлили шуни кўрсатадики, кинотуризм маълум бир мамлакатда кинофильмлар тасвирга олишда жаҳоннинг машҳур кинокомпанияларини рағбатлантириб, туристик оқимни ошириш, инвестициялар жалб қилиш ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини мустаҳкамлаш мақсадидаги кучли маркетинг жиҳози сифатида қўлланилади.

“Global Tourism and Travel Competitive Intelligence Research” тадқиқотларига кўра, 2015-2017 йилларда фильмлар шарофати билан бутун дунё бўйлаб 80 миллиондан зиёд киши саёҳат қилган. 2018 йилда киносаёҳат учун асосий манзиллар сифатида БАА, ХХР, АҚШ, Япония, Греция, Грузия каби мамлакатлар қайд этилган.

Бугунга келиб, дунёнинг 97 мамлакатида давлат хорижий кинокомпанияларга “rebate” тизими бўйича – харажатларнинг 10-35 фоизини қоплаб бериш имконини тақдим этади.

4 084
ЎзА