ЎзА Ўзбек

25.09.2020 Чоп этиш версияси

Хорижий эксперт: «Ҳар бир ёш авлод вакилига сифатли таълим бериш даркор»

Хорижий эксперт: «Ҳар бир ёш авлод вакилига сифатли таълим бериш даркор»

Мамлакатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдаги сессиясида сўзлаган нутқи ўзбек халқига катта ифтихор бағишлаган бўлса, бу воқелик хорижий экспертлар эътирофига сазовор бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирининг халқаро маслаҳатчиси Карстен Хайнс президентимизнинг нутқига ўз муносабатини билдирди.

"БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлаган Ш. М. Мирзиёев камбағалчилик ва иқлимий фалокат ҳақида гапираркан Орол денгизи муаммосига алоҳида тўхталди. Шу ўринда мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун Ўзбекистон илм-фани, бизнес сектори ва жамияти нима қилиши мумкин, деган савол туғилади.

Назаримда, бу масаланинг калити демографик ривожланишдадир. Ҳар бир ўсиб келаётган ёш авлод вакилига сифатли таълим бериш даркор. Ва бу ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг бурчига айланиши керак. Замонавий иқтисодиётни ривожлантириш учун Ўзбекистонга малакали, билимли ёшлар талаб қилинади. Яна бир муваффақият омили – қишлоқ хўжалигини модернизация қилишдир.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини самарали ва барқарор ишлаб чиқариши мақсадини олдинга қўйиш керак. Ақлли деҳқончилик усуллари аллақачон бутун дунёда кенг тарқалган. Агар бу технологиялар Ўзбекистонда қўлланилса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сув тежовчи, ресурс тежамкор усулларда, соғлом ва барқарор тарзда етиштириш имконини беради.

Хусусан, қишлоқ хўжалиги жараёнларини рақамлаштириш ҳосилдорликни сезиларли даражада ошириш ва сифатини яхшилашга хизмат қилади. Ўзбекистонда замонавий иқтисодиётни янада ривожлантириш янги илмий ютуқларга эришишни ва бу янги билимларни амалда қўллашни талаб этади.

Мамлакат инновацияларга муҳтож, чунки улар иқлим ўзгариши ва қишлоқ хўжалиги билан чамбарчас боғлиқдир. Экология муаммоларини камайтириш, арзон ва сифатли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ўз навбатида қашшоқликни енгишга хизмат қилади.

Президент Шавкат Мирзиёев дунё минбарида туриб жорий йилнинг июль ойида иқлим ўзгариши муаммоларини ҳал этишга қаратилган Германия ва Ўзбекистон ҳамкорлигида ўтказилган танлов ҳақида алоҳида қайд этиб ўтди. Бу танловда айнан иқлим ўзгариши муаммоларини ҳал этиш, интеллектуал қишлоқ хўжалиги ва рақамлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Президент ўз маърузасида бу ёндашувларни Ўзбекистоннинг келгуси иқтисодий ва ижтимоий тараққиёти учун муҳим деб ҳисоблашини таъкидлади"

1 619
ЎзА