Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.07.2018 19:19 Чоп этиш версияси

Хориждаги ўзбекистонлик ёшлар учун имконият

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ўртасида меморандум имзоланди.

Иқтидорли ёшларимиз хорижий давлатларда ҳам таҳсил олмоқда. Уларнинг айримлари чет мамлакатларда иш фаолиятини давом эттириб, тажриба тўплаб қайтишади.

Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси Ўзбекистон фуқароси бўлган ва хорижий мамлакатларда ўқиётган, меҳнат қилаётган ёшлар билан иш олиб бориш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси эса таълим тизимида ўқув-тарбия жараёнлари, кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш сифатини назорат қилиш, ўқувчилар, талабалар ва тингловчилар билимларининг давлат таълим стандартлари, талаблари ва малака мезонларига мувофиқлигини таҳлил қилиш, таълим муассасалари рейтингини аниқлаш каби вазифаларни бажаради.

Фаолияти ўзаро узвий боғлиқ ташкилотлар ўртасида имзоланган мазкур меморандум хорижда таълим олаётган, яшаётган ўзбекистонлик ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, келишув асосида фаолият юритишга кўмаклашиш, улар ҳаётида, хусусан, таълим соҳасида учраётган муаммоларни ҳал этиш, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида хабардор этиб бориш, улар билан мунтазам ҳамкорлик қилишга кенг йўл очади.

Барно Мелиқулова, ЎзА
5 332