Хориждаги Ўзбекистон фуқаролари учун сайловда овоз бериш имконияти яратилади
Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Сайлов – 2019
Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда комиссия аъзолари, сиёсий партиялар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳузурида тузилган 53 сайлов участкасини тегишли сайлов округларига бириктиришга оид масала кўриб чиқилди. Шунингдек, Хитой Халқ Республикасида тузилган сайлов участкалари фаолиятини ташкил этиш ва ушбу мамлакатдаги фуқароларимизнинг сайловда овоз бериш ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси вакилининг ҳамда Халқаро матбуот марказининг Жиззах ва Навоий вилоятлари бўлимларининг сайлов жараёнига тайёргарлиги ҳақидаги ахбороти эшитилди.
Сайлов кодексининг 10-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари тузилади ва уларни округга бириктириш тўғрисидаги масала Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳал этилади. Бундай сайлов участкалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади.
Ушбу сайлов участкалари сайловга камида олтмиш кун қолганида, қоида тариқасида, сайловчилар сони камида йигирма нафардан ва кўпи билан уч минг нафардан ошмаган ҳолда ташкил этилади.
Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Маҳмуд Истамов таъкидлаганидек, жорий йилдаги сайловларда хорижда истиқомат қилаётган барча ватандошларимиз учун овоз бериш имконияти яратилади. Авваллари ушбу сиёсий тадбирда фақат консуллик ваколатхоналаридан расмий рўйхатдан ўтган ўзбекистонликлар ўзларининг конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланар эди. Энди эса чет элда вақтинча ёки доимий яшаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳам хорижда ташкил этилган сайлов участкаларига мурожаат этади ёки Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-саҳифасидан рўйхатдан ўтиб, сайловларда овоз бериши мумкин.
Хорижда вақтинча ва доимий яшаётган Ўзбекистон фуқаролари 2019 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига оид саволларига Марказий сайлов комиссиясининг Тошкент шаҳридаги +998555024444 рақамли ишонч телефони орқали жавоб олиши мумкин.
Шунингдек, улар “Saylov2019” мобиль иловасидан ҳам ўзларини қизиқтирган маълумотларни олиш имконига эга.
Тадбир давомида Хитой Халқ Республикасида очилган сайлов участкалари фаолиятини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси билан тўғридан-тўғри видео алоқа ўрнатилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, ҳозирги кунда Хитой Халқ Республикасида 845 га яқин Ўзбекистон фуқароси истиқомат қилмоқда. Мазкур давлатдаги сайлов участкалари сони 2 тани ташкил этади. Улар Пекин (708) ва Шанхай (137) шаҳарларида жойлашган.
Тадбир давомида элчи таъкидлаганидек, Марказий сайлов комиссиясининг “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлигини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, фуқаролар, хусусан, ёшлар, турли таълим даргоҳлари, меҳнат жамоалари ўртасида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Мажлисда МСК Халқаро матбуот маркази Навоий ҳамда Жиззах вилоятлари бўлимларининг сайлов жараёнига тайёргарлиги ҳақидаги ахбороти эшитилди.
Халқаро матбуот маркази Навоий вилояти бўлими Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида жойлашган бўлиб, сайлов жараёнларини очиқ-ошкора ва тезлик билан ёритиш учун барча зарурий техника ва жиҳозлар билан таъминланган. Бўлим томонидан сайлов кампанияси бошлангандан буён ОАВ вакиллари учун 3 марта семинар-тренинг, 3 марта матбуот анжумани ўтказилди. Шунингдек, 2 марта Навоий вилояти телерадиокомпаниясида тўғридан-тўғри эфир орқали “Очиқ мулоқот” кўрсатуви ва эшиттириши, вилоят сайлов комиссияси аъзолари билан биргаликда 22 маротаба тарғибот тадбирлари ва учрашувлар ташкил этилди.
Халқаро матбуот маркази Навоий вилояти бўлими ташаббуси билан вилоятда сайлов жараёнларига тайёргарлик ишлари ва олиб борилаётган тарғибот тадбирлари бўйича Навоий вилояти телерадиокомпаниясида жами 326 телерадиомаҳсулот эфирга узатилган. Вилоятдаги газеталар – “Дўстлик байроғи”, “Знамя дружбы”, “Навоий зиёси”, “Маънавият кўзгуси” ва туман, шаҳар муассислигидаги нашрларда жами 62 материал чоп этилган.
Тадбир доирасида сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, шу кунга қадар МСКга аккредитациядан ўтказиш юзасидан мурожаат қилган бир қатор ОАВ вакилларига мандатлар топширилди.