ЎзА Ўзбек

01.05.2020 Чоп этиш версияси

Хориждаги ватандош Жон Тошматов: "IT-соҳасида дастур тилини билсангиз исталган жойда ишлай оласиз"

Хориждаги ватандош Жон Тошматов: "IT-соҳасида дастур тилини билсангиз исталган жойда ишлай оласиз"

Хорижда яшайдиган ватандошларимизнинг ҳаёти ва фаолияти кўпчилик учун қизиқ. Суҳбатдошимиз, ўз соҳасида муваффақиятларга эришган Жон Тошматов бугунги кунда АҚШда яшайди. Ватандошимизнинг IT соҳасидаги муваффақият сирларини билиш учун у билан боғландик.

Қаҳрамонимиз 1976 йил Фарғона вилояти Фурқат туманининг Навбаҳор шаҳарчасида туғилган. 1983 йилдан 1994 йилгача Навбаҳорнинг 14-ўрта мактабида таълим олган.
“IT-соҳаси чегара билмайди”

– Аввало ўзингиз ҳақингизда маълумот берсангиз, IT соҳасини ўрганиш учун қайси даргоҳларда таълим олгансиз?

– Мактабни битирганимдан сўнг, Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университетига ҳужжат топширганман, лекин афсуски, балларим етмади ва ўқишга кира олмадим. Кейинги йил Фарғона Политехника университетига ўқишга кириш насиб этди. У ерда 1998 йилгача ўқиб, сўнг АҚШнинг ўқиш ва малака ошириш дастури бўйича “Kaliforniya Politexnika Universiteti”га кирдим. Дастурни муваффақиятли якунлаганимдан сўнг Айова штатидаги Кларк университети Кompyuter Texnologiyalari йўналишида бакалавр тизимини битирганман ва сўнгра Флорида штатининг Seynt-Liyo университетида магистр тизимида ҳам ўқидим.

– АҚШга нима мақсадда боргансиз? Ҳозирда кўпчилик ҳавас қиладиган натижаларга эришдингиз, муваффақиятингиз сири нимада деб ўйлайсиз?

– АҚШга ўқиш ва тажриба орттириш ниятида келганман. Билмадим, ҳамма ҳавас қиладиган даражага етдимми ёки йўқ, лекин АҚШда мен нуфузли университет ва ўқув марказларида таҳсил олишга муваффақ бўлдим. Катта-катта компанияларда ишлаб, тажриба орттирдим, ҳозирда эса Нью-Йорк шаҳрида ўз ватандошларимга информацион технологиялар бўйича таълим бериб келмоқдаман. Америка имкониятларга бой давлат бўлиши билан бирга, ўзига хос рақобат кучига ҳам эга. Ўз тажрибамдан келиб чиққан ҳолда ҳозирда иш юритиш бўйича ўзига хос услубга эгаман.

photo_2020-05-01_11-36-34.jpg

– Бугунги бизнес фаолиятингиз ҳақида сўзлаб берсангиз. У нималардан иборат?

– Бугунги кунда АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ватандошларимиз сони кўпайиб бормоқда. Барчамизга маълум, АҚШда ватандошларимиз ўзлари танлаган касбларини давом эттиришлари жуда қийин. Бунинг учун тилни мукаммал билиш ва 4-5 йиллик бакалавр тизимида ўқиш лозим. Шунинг учун мен қисқа муддатли, яъни 6-9 ой оралиғида ўқиш мумкин бўлган IT-курсларини очганман. Ватандошларимга IT соҳасида керакли бўладиган билимларни ўргатаман. IT соҳаси жуда кенг қамровли, тиббиёт, журналистика, спорт, ҳайдовчилик, бизнес юритиш ва яна кўплаб касбларни ўз ичига олади. Кўплаб ватандошларимиз тиббиёт соҳасига қизиққан ҳолда ўзлари танлаган йўналиш бўйича IT-технологияларни ўрганиб, ишлаб келишмоқда.

– АҚШда бизнес очиш анча осон дейишади. Бироқ рақобатнинг кучи натижасида аксарият компаниялар таназзулга юз тутар экан. Айнан рақобат муҳити ҳақида фикрингизни билмоқчи эдик.

– АҚШда бизнес очиш баъзи бир мамлакатларга қараганда осону, лекин ўзига яраша мураккаб рўйхатдан ўтиш тартиблари бор. АҚШ ҳукумати ҳар бир тадбиркорга имконият беради, имкон беришга ҳаракат қилади. Тадбиркор авваламбор, бизнес очишдан олдин ўз маҳсулоти ёки сервисининг бозорини ва рақиблари фаолиятини ўрганиши зарур. Рақобат борки, такомиллашиш бор. Бу эркин бозорнинг ривожланишига йўл очади. Муваффақиятга эришиш учун корхона албатта, қуйидаги асосий тамойилларга эътибор бериши зарур деб ўйлайман: мижозларга хизмат кўрсатишни яхшилаш, маҳсулот ёки хизмат кўрсатиш сифатини халқаро стандартлар бўйича олиб бориш, инновация ва келажак технологияларига сармоя қилиш, мижозлар билан алоқа қиладиган воситалар ёки порталларни қуриб бориш, ишга олиш тартибини энг юқори даражасини йўлга қўйиш ва ҳар бир номзодга ишга олиш жараёни ва иш давомида ёрдам бериш. Бундан ташқари ишчилар йиллик синов ва суҳбатлардан ўтиши лозим. Иш жойларида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўлимлари ёки кўрсатмалари бўлиши зарур. Ҳар бир дам олиш ёки ошхона ҳамда иш жойида меҳнат вазирлигининг янгиликлари илинган бўлиши керак. Бошқарув ходимлари ва ишчилари билан тез-тез мулоқотда бўлиб, ойлик ёки ҳафталик мажлисларини ўтказиб туриш ҳам фойдали деб ўйлайман.

photo_2020-05-01_11-36-35.jpg

– Ўзбекистонда ҳам бизнес очиш ниятингиз борми ва у қайси соҳада бўлади?

– Ўзбекистонда бизнес очиш ниятим бор. IT-ўқув марказини очмоқчиман. Унда малакали дастурчиларни тайёрлаб, дунёнинг барча ривожланган малакатларидан мижозлар топиб, Ўзбекистон дастурчиларини иш билан таъминлаш ва Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришга ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман.

– Оилангиз, ота онангиз ва фарзандларингиз ҳақида гапириб берсангиз. Фарзандларингиз ўзбек тилини билишадими?

– Оилада бош фарзандман, учта синглим ва битта укам бор. Отам 2012 йилда оламдан ўтган. Онам Сабохон бахтимизга соғ-омонлар. Ўзимнинг тўрт нафар фарзандим бор, катта қизларим Эвелина ва Камила Айова штатида яшашади. Кичик қизларим Лола ва Солиҳа. Улар ўзбек тилида бемалол гаплаша олишади.

– Ватан соғинчи қийнайдими? Ўзбекистон деганда кўз олдингизга биринчи бўлиб нима ёки ким келади?

– Тўғрисини айтсам, бошида соғинч бўлади, ота-онани, уйни, туғилиб ўсган кўчалар ва мактабимни қаттиқ соғинардим. Лекин вақт ўтиб, одамзод ҳамма жойга ва ҳар хил шароитга кўникар экан. Ўзбекистонимизнинг тўйларини, байрамларини ва халқимизнинг меҳрини соғинаман. Ўзбекистон деганда кўз олдимга авваламбор киндик қоним тўкилган она тупроғим келади. Ҳар бир юртидан узоқда бўлган инсон она ватан соғинчи билан яшайди. Шу сабаб мен ҳам ҳамма нарсани ва ҳар кимни соғиниб яшайман.

– Ўзбекистонлик ёшларга маслаҳатларингиз асқатади ва мотивация беради. Уларга қандай тавсиялар берган бўлардингиз?

– Ўзим ҳам ёшлигимдан жуда интилувчан ва ҳаракатчан бўлганман, айнан шу хислатим эришган муваффақиятларимга сабаб бўлган дея оламан. Ёшларимизга ҳар доим илм йўлида ҳаракат қилинг ва замонавий билимлари ўрганинг, деган бўлардим. Ҳеч қачон хато қилишдан қўрқманг. Кўплаб ютуқлар хатолар эвазига келади. Ўзим доим риоя қиладиган бир шиор бор: “Ақлли одам ўз хатолардан сабоқ олади, ақллироқ одам эса бошқаларнинг хатосидан сабоқ олади, аммо доно одам бошқаларнинг муваффақиятидан ўрганади”. Ҳеч қачон эришган даражангизда тўхтаб қолманг, ҳар доим янада баландроққа кўтарилишга интилинг. Келажакка қандайдир мерос қолдиришга интилиб яшаш керак.

– “My IT Education” компаниясининг келажагини қандай кўраяпсиз? Ўзбекистондан туриб ҳам ўқув марказингизда онлайн таълим олса бўладими?

– “My IT Education”нинг олдига қўйган асосий мақсади, бу АҚШдаги ватандошларга IT соҳасининг фундаментал билимини ўргатиш ва уларга шу соҳа бўйича иш топиш малакасини тушунтириш. Ҳозирги “My IT Education” марказида таълим олганлардан бештаси Zend Sertifikat Muhandisi унвонига эга бўлди ва бир нечтаси шу соҳада ишлаб келмоқда. Фаолиятимизни яқинда бошлаганимиз сабабли, ҳали натижаларимиз у даражада катта эмас. Агар тўрт йиллик бакалавр тизимини ўқиб битириш учун ўртача 120 та кредит керак бўлса, ўшанинг ярмидан кўпи таълимнинг умумий дарслари ҳисобланади, яъни тарих, инглиз тили ва шу каби гуманитар фанлар киритилади. “My IT Education” да биз фақат компьютер соҳасига керакли бўлган фанларга эътиборимизни қаратамиз ва кўпроқ ҳақиқий лойиҳалар устида ишлаш бўйича тажриба оширамиз.

– Ҳозир бутун дунё карантинда, ёшларга карантин пайтида нималар билан машғул бўлишни тавсия этган бўлардингиз?

– COVID-19 дунёга келган бир бало бўлди деб ўйлайман. Карантин пайтида уйда ўтириш жуда ҳам муҳим чоралардан бири. Бу вируснинг тарқалишини олдини олиш билан бирга тўхтатади ҳам. Уйда ўтиргандан фойдаланиб, ёшларимиз илм олишлари мумкин. Олдин қурган режаларини амалга ошириш мақсадида ўзлари хоҳлаган лойиҳалари устида ишлари, IT-соҳалари бўйича онлайн тизимда сабоқ олишлари мумкин. Дастурлашни ўрганиб олишса, Ўзбекистондан туриб катта-катта компаниялар билан ишлашлари мумкин. Агар сиз IT-соҳасида дастур тилини билсангиз, хоҳлаган жойда ишлашингиз мумкин.

- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

Дилфуза Собирова суҳбатлашди

9 037
ЎзА