ЎзА Ўзбек

19.04.2018 17:43:20 Чоп этиш версияси

Хорижда рекрутинг фаолияти мавжуд, биздачи?

Хорижда хусусий бандлик (рекрутинг) агентликлари мустақил субъект сифатида корхоналар (иш берувчи)га ва иш қидираётганларга хизмат кўрсатади. Рекрутинг компаниялари ҳар йили жаҳон миқёсида 8-10 миллион кишини иш билан таъминлашга ҳисса қўшади. Аммо мамлакатимизда хусусий ташкилотлар томонидан фуқароларни республикамиз ва чет элда ишга жойлаштириш бўйича мукаммал ҳуқуқий база яратилмаган.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган “Рекрутинг фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбатида шу ҳақда сўз борди.

Мазкур қонун лойиҳаси 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Президентимизнинг “Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан халқаро стандартлар, рекрутинг фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришнинг чет эл тажрибасини инобатга олган ҳолда, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларимизни мамлакатимиз корхоналари ҳамда чет элда иш билан таъминлаш имкониятларини кенгайтириш, давлат хизмати ва хусусий сектор томонидан аҳоли бандлигига кўмаклашиш механизмларини тартибга солиш, ишга жойлаштириш бўйича кўрсатилаётган хизматлар тартиби ва шартларини, рекрутинг агентликлари, корхона ва иш қидираётган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлаш имконини беради ва норасмий меҳнат миграциясининг олдини олишга хизмат қилади.

Қонун лойиҳасида рекрутинг агентликларининг чет элда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятини тартибга солувчи алоҳида нормалар келтирилган. Чет элда ишга жойлаштириш масаласи бўйича хорижлик ҳамкорлар билан музокаралар олиб бориш, шартнома, битим ва баённомалар лойиҳаларини тайёрлаш, хорижий меҳнат бозорини ўрганиш, у ерда иш берувчиларни қидириш, битимлар тузиш, чет элда ишлаш истагидагилар розилиги билан улар ҳақидаги маълумотларни хорижий иш берувчилар ўртасида, шу жумладан, жаҳон интернет ахборот тармоғи орқали тарқатиш, чет элда ишлаётган ва иш қидираётган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, Ватанга қайтганидан сўнг ишга жойлаштириш учун ҳудудий меҳнат органларига уларнинг рўйхатини тақдим этиш рекрутинг агентликларининг фаолият доирасига киради.

Рекрутинг агентликлари умумий манфаатларни ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида қонунчиликда белгиланган тартибда бирлашма тузиш ҳуқуқига эга.

– “Рекрутинг фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши аҳолини мамлакатимиз корхоналарида ҳамда чет элда иш билан таъминлаш имкониятларини кенгайтиради, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Мавлуда Хўжаева. – Давлат хизмати ва хусусий сектор томонидан аҳоли бандлигига кўмаклашиш механизмларини аниқ тартибга солиш, корхона ва иш қидираётган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлашга, норасмий меҳнат миграциясининг олдини олишга хизмат қилади.

Ҳозир қуйи палатанинг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи ўқишга киритиш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда.