ЎзА Ўзбек

14.08.2019 18:45 Чоп этиш версияси

Хорижда ишсиз қолган, ҳимояга муҳтож юртдошларимизга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади

Хорижда ишсиз қолган, ҳимояга муҳтож юртдошларимизга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади

Пойтахтимизнинг Яккасарой тумани ҳокимлигида одам cавдосига қарши курашиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. 

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти миграция бюролари билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда асосий эътибор мамлакатимиз меҳнат миграцияси тизимидаги ислоҳотлар ва аҳолининг хорижда меҳнат фаолиятини олиб бориши учун давлатимиз томонидан яратилган шароит ва имкониятларга қаратилди. 

Тадбирда соҳа мутахассислари қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар ва уларнинг ижроси бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 5 мартда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига транспортда чиқишда хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтилди. 

Мазкур ҳужжат бўйича белгиланган хизматлардан фойдаланиш учун фуқаролар авваламбор Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг маълумотлар базасидан рўйхатдан ўтиши лозимдир. Бунинг учун улар шахсий маълумотлари, хорижда нима иш билан банд бўлиши, бориш ва келиш вақтини кўрсатиши зарур. 

Корея Республикаси ва бошқа хориж давлатларига ишга юбориш борасида фуқароларимизга яратилган имкониятлар бўйича атрофлича маълумот берилди. Кейинги йилларда хорижда ишсиз ва ҳимояга муҳтож юртдошларимизга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, уларни ўз оилалари бағрига қайтаришдек эзгу ишларнинг амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Йиғилишда хорижга ноқонуний чиқиб кетиш оқибатида жабр кўрмасликнинг олдини олиш борасида жойларда амалга ошириладиган ишлар юзасидан соҳа ходимларига тегишли топшириқлар берилди. 

О. БЕКМУРОДОВА, ЎзА
5 704