Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.07.2018 17:31 Чоп этиш версияси

Хорижда ишламоқчимисиз?

Хорижда ишламоқчимисиз?
Энди манфаатларингиз таъминланади ва ҳуқуқларингиз ҳимоя қилинади.

Ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун фуқароларга қулайликлар яратиш, халқаро шартномалар тузиш, республика ташқарисидаги иш жойларига хавфсиз тарзда етиб боришни таъминлаш учун амалий чоралар кўрилмоқда. Бу борадаги ишлар тизимли ташкил этилаётганига қарамасдан ноқонуний меҳнат миграциясининг катта оқими ҳалигача сақланиб қолмоқда. Натижада салбий оқибатлар кузатилмоқда. 

Фуқароларни хорижда ташкиллаштирилган тарзда ишга жойлаштириш, шунингдек, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларнинг бандлигини таъминлаш масалалари қувонарли аҳволда эмас. Аслида юртимизда иш ўринларини яратишда сусткашликка йўл қўйилаётгани ёки фуқароларни меҳнат шароити қониқтирмаётгани ишсизлар сонининг мунтазам ўсишига олиб келмоқда.

Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида яшовчи Беҳзод Менгтўраев ҳам ишлаш учун Россия давлатига танишлари ёрдамида ноқонуний чиқиб кетган эди. Салкам икки йиллик фаолияти давомида турли жойларда ишлаб кўрди. Қийинчиликларга кўп учради. Эндигина яхши маошли иш топдим, деганида ҳужжатлари ноқонуний бўлгани боис мамлакат ҳудудидан чиқариб юборилди. Айни вақтда ишсиз.

– Ҳеч ким ўз юрти, ота-онаси ёки фарзандларидан узоқда яшаб, ишлашни хоҳламайди, – дейди Б.Менгтўраев. – Лекин буни яшаш учун, ҳаёт кечириш учун бир чора деб билгандим. Мендек ўйлаган ва ҳаракат қилаётган юртдошларим ҳам талайгина. Хорижда яхши пул топаётган, муносиб ишда ишлаётганлар ҳам бор. Аммо турли вазиятлар сабаб қийинчилик кўраётганларни ҳам учратдим. Четда ишлашнинг ҳам қонуний бўлиши, қулайликлар яратилишини жуда истагандим. Президентимизнинг қарори биз каби фуқаролар учун яна имкониятлар эшигини очишига ишонаман.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 5 июлда “Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Қарор ташқи меҳнат миграцияси тизимини янада такомиллаштириш, унинг ташкилий шаклларини тубдан кенгайтириш, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига кетаётган фуқароларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларини тадбиркорлик ва меҳнат фаолиятига жалб этишни кенгайтиришда муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлиб хизмат қилади.

Жорий йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган юридик шахслар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан бериладиган лицензия асосида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича бир қатор имкониятларга эга бўлади.

Улар вазирликдан аккредитациядан ўтгач, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган юртимиз фуқароларининг касбий малакаси ва кўникмаларга эга бўлиши, хорижий тилларни билиш даражасини белгилаш билан шуғулланиши мумкин.

Мазкур вазирлик ҳузурида Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳам ташкил этилади.

– Янги ташкил этиладиган жамғарма юртдошларимиз учун қулайликлар яратади, – дейди Олмазор тумани Намуна маҳалласи оқсоқоли Қўчқор Каримов. – Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида зўравонлик, мажбурий меҳнат ва камситишдан жабрланган, меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилган, оғир молиявий аҳволга тушган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, тирикчилик учун маблағсиз қолган фуқароларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишининг ўзи жуда қувонарли. Бу бир инсоннинг оғирини енгил қилиши билан бирга, инсонийликнинг, миллий қадриятларимизнинг бир кўринишидир.

Эндиликда фуқароларимизга хорижда ишлаётган даврида жароҳатланиши ёки бошқа бахтсиз ҳодиса сабабли тиббий хизмат кўрсатиш эҳтиёжи туғилса кўрсатилган тиббий хизматлар ҳақини меҳнат мигранти ҳисобидан тўлаш имконияти бўлмаса ҳам уларга хизмат кўрсатилади. Тўланган маблағлар ушбу фуқаролар томонидан кейинчалик қоплаб берилиши мумкин.

Мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатлар юртимиз аҳолисининг турмуш шароитини янада яхшилаш, хорижда юрган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла ҳимоя қилиш, ноқонуний хатти-ҳаракатларни камайтириш, жабрдийдага айланаётган инсонларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.

Барно Мелиқулова, ЎзА
12 186