ЎзА Ўзбек

11.03.2020 Чоп этиш версияси

Хоразмликлар бахшичиликни тарғиб қилишдан чарчамайди

Хоразмликлар бахшичиликни тарғиб қилишдан чарчамайди

Азалдан халқимизнинг миллий ўзлиги, қадимий тарихи ва тили, унинг ҳаёт тарзи, анъана ва урф-одатларини ўзида мужассам этадиган бахшичилик санъати атоқли бахши-шоирларимиз, фольклоршунос олимларимизнинг фидойи меҳнати, ижодий тафаккури билан авлоддан авлодга ўтиб келмоқда.

Айниқса, Хоразм вилоятида ушбу санъатни янада ривожлантириш, унинг миллий маданиятимиз ва санъатимиздаги ўрни ва аҳамиятини юксалтириш, ёшларни миллий ўзликни англаш, тарихий меросга ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилган. Президентимизнинг 2019 йил 14 майдаги “Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилдан бошлаб икки йилда бир марта Бахшичилик санъати йўналишида бахшилар, оқинлар ва жиров ижрочиларининг республика кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш белгиланди.

6.jpg

Урганч туманида ўтказилган Бахшилар, оқинлар ва жиров ижрочиларининг республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ҳам кўплаб истеъдод эгаларини намоён этди. Унда қатнашган 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган 32 иштирокчи “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Авазхон”, “Ошиқ ғариб Шохсанам” ва “Хирмондали” каби халқ достонларидан парчалар ижро этди.

Ўзбекистон Халқ бахшиси Абдулла Қурбонназаров, Етмишбой Абдуллаев, Рўзимбой Норматов, Ўзбекистон давлат филармонияси Хоразм вилояти бўлинмаси, Урганч ихтисослаштирилган санъат мактаби ва Урганч давлат университети устоз ва мураббийларидан иборат ҳакамлар ҳайъати танлов иштирокчиларини баҳолаб борди.

4.jpg

Ҳозирги глобаллашув даврида, тижорат воситасига айланган “оммавий маданият”, шоу-бизнеснинг салбий таъсири тобора кучайиб бораётган бир шароитда фольклор санъатига ёшларнинг қизиқишини ошириш бизнинг асосий вазифамиз, – дейди Ўзбекистон Халқ бахшиси А.Қурбонназаров (Норбек бахши). – Санъат, айниқса, бахшичилик дилимизга жуда яқин бўлиб, қалбларга қувонч, дилларга сурур ва ғурур, ифтихор бағишлаб келмоқда. Чунки миллатимиз, халқимизнинг қадим тарихи ва маданияти, урф-одатлари, қадриятлари энг аввало халқ оғзаки ижодида, фольклор санъатида, хусусан достонларда ўз ифодасини топади. Отамиз эл ичида “Бола бахши“ дея ном қозонган. У Хоразм достончилиги мактабини яратиб кетганлиги биз фарзандларида ҳамиша фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади. Бугун ушбу йўлдан бориб, завқ-шавқ билан куйлаётган ёшларни кўрганимда миллий санъатимиз ўз эгаларига етиб борганини чин қалбдан ҳис қиламан.

Халқимизда интилганга толе ёр, деб бежиз айтилмаган. Ҳудудларда аждодлардан мерос қолган бундай буюк санъатни эъзозлаб, уни жон дили билан ҳаёти мазмунига айлантираётган ёш ижодкорлар сафи йил сайин кенгаймоқда. Ҳали ёш бўлишига қарамай Урганч шаҳридаги 2-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Асқарбек Олимбоев кўрик-танловда қашқар рубобида куй чалиб, “Авазхон” халқ достонидан парча ижро этди. Унинг чиқиши барчада катта таассурот қолдирди.

16.jpg

Ушбу танловда қатнашиб, таниқли устозлардан ўзимга керакли кўплаб маслаҳатларни олдим, – дейди 15 ёшли А.Олимбоев. – Авваллари телевизорда ёки катта-катта халқ сайлларида жонли ижрода куйлаётган бахшиларни кўрганимда уларга ҳавас қилар эдим. Шунинг учун ҳам санъатнинг шу турини танладим. Ҳозирга қадар кўплаб кўрик-танлов ва байрамларда қатнашиб, ўз маҳоратимни ошираяпман. Орзуим устозларим каби маҳоратли халқ бахшиси бўлиш.

Танлов ўзбек миллий бахшичилик ва достончилик санъатининг ноёб дурдоналарини асраб-авайлаш, янада ривожлантириш, уни кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида ушбу санъат турига ҳурмат ва эътибор туйғуларини янада кучайтиришга хизмат қилади. У биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлаб, ижодий ҳамкорликни янада кенгайтиради.

7.jpg

2 183
А.Мусаев, О.Ғуломов (сурат), ЎзА