ЎзА Ўзбек

11.03.2020 Чоп этиш версияси

Хоразмлик тадбиркорлар яна 8 та давлатнинг бозорини забт этди

Хоразмлик тадбиркорлар яна 8 та давлатнинг бозорини забт этди

Хоразм қарийб уч минг йиллик тарихга эга кўҳна вилоят. Ўзбек давлатчилигининг бешиги ҳисобланади. Вилоятда 10 та туман, 2 та шаҳар ва 58 та шаҳар типидаги посёлкалар ва 550 дан ортиқ қишлоқ аҳоли пунктлари мавжуд.

Вилоят аҳолиси жорий йил 1 январь ҳолатига 1 миллион 867 минг киши, бу кўрсаткич республика аҳолисининг 5,5 фоизини ташкил қилади. Қадимий диёрда кейинги уч йилда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. 

Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ўсиш суръати йилдан йилга ўсмоқда. Жорий йилда ҳам ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми, жумладан, саноат маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ишлари ва жами хизматлар кўрсатиш ҳажмини янада ўстириш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари 2018 йил 29-30 ноябрь кунлари Хоразм вилоятига қилган ташрифи доирасида бир марталик тиббиёт қўлқоплари, биологик фаол моддалар, замонавий сув фильтрлари учун картриджлар, парфюмерия маҳсулотлари, гофра тара ва қутилар каби янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича бир қатор топшириқлар берган эди.

Мазкур топшириқлар юзасидан 2019 йилда 2 триллион 88 миллиард сўмга тенг бўлган 760 лойиҳа амалга оширилди. Натижада 7 минг 700 иш ўрни яратилди.

Маҳсулотлар ҳажмида олиб қаралганда вилоятда умумий саноатнинг 45,7 фоизини автомобилсозлик, 20,8 фоизини тўқимачилик, 17,6 фоизни озиқ-овқат саноати ва 3,3 фоизи бошқа йўналишлар ҳиссасига тўғри келади. 

Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 4 миллион 700 сўм, халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 3 миллион сўмни ташкил қилди.

Хизмат кўрсатиш йўналишида 305 та лойиҳа амалга оширилиб 2 минг 300 та, қишлоқ хўжалигида 254 та лойиҳа асосида 1 минг 900 та иш ўринлари яратилди.

2020 – 2022 йилларда умумий қиймати 27 триллион 800 миллион сўмлик 4 минг 601 та лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида 429 мингта янги иш ўрни яратилади.

2019 йилда жами 55 миллион долларлик (65 та корхона томонидан) маҳсулотлар экспортини амалга оширилиши белгиланган бўлиб, амалда бу кўрсаткич 80 миллион доллардан ортди Жумладан, 7 та янги турдаги маҳсулотлар (қизил мия илдизи экстракти, балиқ консервалари, лак бўёқ маҳсулотлари, мева шарбати, ишлов берилган пўлат сим, шиша идишлари ва ёғочга ишлов бериш ускунаси) экспорти амалга оширилди ҳамда 8 та янги давлат (Австрия, БАА, Вьетнам, Германия, Ироқ, Озарбайжон, Покистон, Япония) бозорлари ўзлаштирилди.

Ҳудудлараро ихтисослашувига тўхталадиган бўлсак вилоятдаги Урганч шаҳар, Боғот ва Шовот туманлари енгил саноат соҳаси, Хазорасп туманида машинасозлик ва металлга ишлов бериш саноати, шунингдек, Хива, Қўшкўпир, Хонқа, Янгиариқ, Гурлан ва Янгибозор туманларида бошқа турлардаги кўмакчи саноат соҳалари ривожланмоқда.

Хоразмда саноатни ривожлантиришнинг энг истиқболли соҳалари сифатида енгил саноат, машинасозлик, фармсаноат пиллачилик, мева-сабзавот, гўшт ва сут, чарм-пойабзал маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш соҳаларини келтириш мумкин.

1 798
Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА