ЎзА Ўзбек

12.07.2018 13:52 Чоп этиш версияси

Хоразмдан Худойберган Девонов отлари топилди

Хоразмдан Худойберган Девонов отлари топилди
Ўзбек йилқичилиги тарихига доир маълумот йиғиш учун Хоразмга қилган сафарим кўнгилдагидек бўлмади. Йилқичилар кам, борлари ҳам пухта синчи эмасди. 

Меҳмонхона деразасидан кўҳна Урганч манзараларини кузата туриб шундай ўй келди хаёлимга: “Бу ер хонлар юрти, отни биладиган одам бўлмаса ҳам Хива ҳукмдорларининг отхонаси ёки уларнинг ўрни сақланиб қолган бўлса керак”. Шу ният билан мезбон – Арслон ака билан Хива сари йўл олдик.

Муаззам Ичанқалъа!

Осмон остидаги қадим Турон жавҳари!

Бу ерда нафақат отхона ёки ўзбек йилқичилиги ўтмиши, балки шаъни баланд аждодларимизнинг қадам товушлари ҳам сақланиб қолган эди назаримда. Бир ҳисобдан тўғри ўйлаган эканман: бизни кутиб олган киши – “Ичанқалъа” давлат музей-қўриқхонаси катта илмий ходими Дилмурод Бобожонов кўҳна Арк саройидаги Хоразм тождорларининг отхонаси ўрнини кўрсатди. Кейинчалик бу жой меҳмонларни жалб қилиш мақсадида қайта реконструкция қилинган экан. Шунингдек, Нуриллабой саройи орқасида ҳам Хива хонлари отхонаси бўлган эканки, айни пайтда бу жойлар музей таркибига киритилиб, қадимги осори- атиқалар сақланмоқда.

– Бу ўлка азалдан йилқичи эл бўлган, – дейди Дилмурод ака. – Афсуски, мустамлакачиларнинг қирсови билан халқ отдан узоқлашган. От билан боғлиқ неки бўлса, бариси унутилиши шарт бўлган. Шу боисмикан, бугунги авлод орасида от илмида усталари йўқ. Лекин Хоразм тарихида йилқи билан боғлиқ жуда кўп далиллар борки, шунинг ўзи хоразмликлар қадимдан отчи эл бўлганлигини исботлайди.

Дилмурод домла тўғри таъкидлаган эди, тарихий манбаларда ўтган аср бошларида Хива ҳукмдори саройи отхонасида қорабайир, ёвмит, аҳалтака зотига мансуб 15 мингдан 45 минггача жангчи от сақланганли қайд этилган.

Муҳаммад Раҳимхон II Ферузнинг “Хончиқар” ва “Лазги”га ўйнаган тоза қонли ёвмит отига Кауфман ашаддий ишқибоз бўлган. Кейинчалик шу арғумоқнинг зурриёди Петербургда ўтган 1909 йилги кўргазмада кумуш медал олган. Бу ҳақда ЎзА сайтида эълон қилинган “Осиёликларни мирламай юрган Кауфман рақс тушаётган отини кўриб ҳайратланган” сарлавҳали мақолада батафсил сўз юритилган эди.

Қайтаётганимизда мезбонлар “Ичанқалъа” давлат музей-қўриқхонасидаги ўзбекнинг биринчи фотограф-кинооператори Худойберган Девонов бўлмасига олиб борди. У киши олган сурат ва видео тасвирларни томоша қилаётиб, хазина топгандай бўлдим. Расмлар орасида 110 йил бурун обьективга муҳрланган қорабайир, аҳалтака, ёвмит отлари бор эди.

Рости, бу суратлар мен учун чинакам хазина эди. Энди хоразмликларнинг унутилаёзган йилқичилиги тарихини тиклаш имкони бор эди. Ўзбек йилқичилиги тарихини ўрганиш асносида ушбу расмларни “Худойберган Девонов отлари” деб қайд қилдим.

Қорабайир оти 1912 йил

07eb708b-2cb9-4130-babf-ee15428e0f01.jpg

4ddc806e-2865-47a6-bb02-858c72eb2bb7.jpg

Омоч тортаётган қорабайир оти

12f8a741-6725-490c-99a9-f142f8ce3957.jpg

Хива хонининг қорабайир отларидан иборат казак отряди

ac3f85ce-2a9c-4104-968f-63a927b83bc8.jpg

Овчи 1912-1915 йил

af9f6329-9063-4308-8e3e-ebf20c31cd85.jpg

Аҳалтака ва ёвмит оти 1915 йил

06.JPG

Омоч тортаётган қорабайир оти 1915 йил

f49cdc99-0782-41eb-b7c8-087181707c70.jpg



Анвар Суюнов,
Ўзбекистон йилқичилик ва 
от спорти федерацияси 
Матбуот котиби

PS: Материал Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги 
нодавлат-нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа 
институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти доирасида тайёрланди.  

8 200