Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.05.2017 17:18 Чоп этиш версияси

Хоразмда замонавий паррандачилик мажмуи ташкил этилади

2017 йил 3 апрелда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хоразм вилоятида паррандачиликни янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорда Хоразм вилоятида паррандачиликни замонавий технологиялар асосида янада ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш, паррандачилик ташкилотлари ҳамда наслчилик хўжаликларининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар ўз ифодасини топган.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Хоразм вилояти ҳокимлиги, «Ўзсаноатқурилишбанк» акциядорлик тижорат банки ҳамда муассис ташкилотларнинг масъулияти чекланган жамияти шаклидаги «Xorazm naslli parranda» паррандачилик мажмуини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Паррандачилик мажмуининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб куйидагилар белгиланди:

Хоразм вилоятида аҳолини тухум йўналишдаги ёш паррандалар билан таъминлашга ихтисослашган паррандачиликни ривожлантириш дастурини амалга ошириш;

вилоятда инкубацияларда жўжа етиштириш (йилига камида 1 миллион бош) ва тухум йўналишидаги товуқларни (камида 200 минг бош) парваришлашни ўз ичига оладиган паррандачилик мажмуасини ташкил этиш;

бошланғич босқич – 2017 йилда Хива туманида деҳқон хўжаликлари ва аҳолини ёш паррандалар (ўртача 100 бошдан), қафас ва омухта ем билан таъминлаш механизмини жорий этиш, кейинчалик – 2018-2019 йилларда ушбу тажрибани Хоразм вилоятининг бошқа туманларида ҳам йўлга қўйиш;

вилоятнинг ҳар бир туманида паррандачилик хўжаликларига ветеринария хизматлари кўрсатиш бўйича марказларни босқичма-босқич ташкил этиш;

омухта ем, витаминлар, премикслар ва қўшимчалар таркибини кенгайтириш ҳамда сифатини ошириш ҳисобига паррандачилик тармоғининг озуқа базасини шакллантириш ва ривожлантириш;

халқаро талабларга мувофиқ сифат менежменти тизимини, етиштирилаётган паррандачилик маҳсулотларини сертификатлаштириш ва стандартлаштиришни, саноат усулида қайта ишлаш ва қадоқлашнинг замонавий усулларини кенг жорий қилиш;

ички ва ташқи бозорларнинг маркетинг тадқиқотларини тизимли равишда амалга ошириш, паррандачилик хўжаликларини ёш паррандаларни ўстиришга мўлжалланган замонавий технологик ускуналар билан жиҳозлаш, етиштирилаётган маҳсулотларни экспорт килишда кўмаклашиш.
Мазкур қарор ижроси воҳа иқтисодиётида янги соҳани ривожлантириш, шу асосда аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазирлиги
ахборот хизмати

5 145






Все о погоде - Pogoda.uz