Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.08.2017 17:47 Чоп этиш версияси

Хоразмда ёнғинга қарши курашиш бўйича ўқув-амалий йиғинлар бўлиб ўтди

Хоразмда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институти профессор-ўқитувчилари иштирокида комплекс ўқув-амалий йиғинлари бўлиб ўтди.

Ўн кун давом этган йиғинларда Хоразм вилоятидаги йирик корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, ёнғин хавфсизлиги ходимлари, ёнғин-техник комиссияси раислари, кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмалари бошлиқлари иштирок этди.

Машғулотларда мутахассисларнинг “Ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги қонунчилик базаси”, “Модда ва материалларнинг ёниш-портлаш хавфи хоссалари”, “Бино ва иншоотларнинг оловбардошлиги даражаси”, “Объектда ёнғин хавфи мавжуд ишларни бажаришда ёнғин хавфсизлиги чоралари” мавзуларидаги маърузалари тингланди.

– Давлат муассасалари ходимлари ёнғин хавфсизлиги қоидаларидан яхши хабардор бўлиши жуда муҳим, – дейди Хоразм вилояти телерадиокомпанияси раиси Ў.Матқурбонов. – Чунки, ушбу объектларда сақланаётган ҳужжатлар, моддий бойликлар нафақат шу идора ва унинг ходимлари, балки халқ ва давлат мулкидир. Ўқув машғулотлари, семинарлар турли шаклдаги қўлланмалар орқали таъсирчан усулларда ўтказилди. Муассасалар биносининг кўринарли жойларига илиб қўйиш учун фуқароларни огоҳлик ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этишга чақирувчи плакатлар тарқатилди.

Президентимизнинг 2017 йил 10 апрелдаги “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда жорий йил 23 майдаги “Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган комплекс ўқув-амалий йиғинларда ёнғин ўчириш бўйича амалий-тактик машқлар ўтказилди. Унда ёнғиннинг олдини олиш, унга қарши курашиш, ёнғин содир бўлганда оловни ўз вақтида ўчириш қоидалари бўйича атрофлича тушунча берилди.

Тадбирларда иштирок этган корхона-ташкилот раҳбарларининг бу борадаги билимини аниқлаш бўйича махсус тест синовлари ўтказилди. Уни муваффақиятли топширган 120 нафар раҳбар ва ходимга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институтининг махсус сертификатлари топширилди.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
2 791






Все о погоде - Pogoda.uz