ЎзА Ўзбек

11.08.2018 14:19 Чоп этиш версияси

Хоразмда байрамолди тадбирлар давом этмоқда

Хоразмда байрамолди тадбирлар давом этмоқда

Хоразм вилоятида “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир, учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.

Мамлакатимиз Мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан ташкил этилаётган ана шундай тадбирлардан бири Урганч шаҳридаги Ёшлар марказида бўлиб ўтди.
Тадбирда олим, ёзувчи ва шоирлар, кино ва театр актёрлари, эстрада хонандалари, ҳарбий хизматчилар ва ёшлар иштирок этди. Тадбирда мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари туфайли кундан-кунга гуллаб яшнаётган шаҳар ва қишлоқлар, ёшлар учун яратилган имкониятлар Мустақиллик неъмати туфайли экани ҳаётий мисоллар билан тилга олинди.

Инсон ҳаётига ташқи таъсирлар ва ахборот хуружлари шу даражада тез суръатларда кириб келмоқдаки, бу шиддаткорлик огоҳликни талаб этади. Айниқса, ёшлар онгида маънавий иммунитетни шакллантириш бугуннинг долзарб мавзуларидан саналади. Дунёнинг турли нуқталарида юз бераётган нохуш вазиятлар, кўнгилсиз ҳолатлар ҳам ана шунга ундайди. Айни шу мавзу доирасида ҳам ўзаро фикр-мулоҳаза алмашилди. 
Тадбир санъаткор ва ёш истеъдод эгаларининг ижодий чиқишлари билан янада кўтаринкилик касб этди.

А. Шокиров, ЎзА
5 802