Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.11.2017 18:20 Чоп этиш версияси

Хоразм вилояти ва Наманган шаҳри тажрибалари кенг оммалаштирилади

Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида “Маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш механизмлари” мавзусида ҳудудий ўқув семинарлар ўтказилди.

Иштихон туманида ташкил этилган шундай тадбирда Қўшработ, Пайариқ ва Оқдарё туманлари маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, профилактика инспекторлари, ҳокимликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида профилактик тадбирларни кучайтириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама этилди. Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишлар ва жойларда ташкил этилган учрашувларда белгилаб берилган вазифалар, Хоразм вилояти ва Наманган шаҳрининг Орзу маҳалласидаги ижобий тажрибани кенг оммалаштиришда фуқаролар йиғинларининг давлат ва жамоат ташкилотлари, профилактика инспекторлари билан ҳамкорлиги, улар зиммасидаги масъулият ҳақида сўз юритилди.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда ўтказилган халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида вилоятимиз маҳалла тизимидаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари, уларни келтириб чиқарувчи омилларни чуқур таҳлил қилиб, йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларни бартараф қилиш юзасидан долзарб вазифаларни белгилаб берди, – дейди фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Самарқанд вилояти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари М.Бобоёров. – Айниқса, маҳаллаларимизни хавфсиз ва тинч ҳудудга айлантиришда тўғаноқ бўлаётган, осуда ҳаётимизга рахна солаётган оилавий можаролар, ажримлар, вояга етмаганлар ва хотин-қизлар ўртасидаги жиноятларнинг кескин ўсиши, уларнинг ўз жонига қасд қилиши каби нохуш ҳолатлар юзага келаётгани давлатимиз раҳбари томонидан ташвиш билан қайд этилди. Шундан келиб чиқиб, аввало ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини раиси бундай ҳолатларнинг олдини олишда ўз ҳудудида масъул эканини ҳис қилган ҳолда, ҳамкор ташкилотлар билан изчил фаолиятни йўлга қўйиши лозим.

Семинарда вилоятни янада тинч ва обод ҳудудга айлантириш юзасидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Самарқанд вилояти кенгашининг мурожаатномаси қабул қилинди.

Тадбирда “Халқ манфаатларига хизмат қилиш – менинг бурчим” номли телекўрсатув намойиш этилди.

Ҳудудий семинарларда муҳокама этилган масалалар вилоятдаги барча маҳалла фуқаролар йиғинлари кенгашларида ҳам кўриб чиқилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
2 831






Все о погоде - Pogoda.uz