ЎзА Ўзбек

18.09.2018 Чоп этиш версияси

Хоразм вилояти тажрибасининг самараси қандай бўлади?

Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Президентнинг 2018 йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасидаги долзарб вазифалар муҳокама этилди.

Мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Бугунги кунда фаолият кўрсатаётган 9 минг 200 дан зиёд ННТ жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари, демократик қадриятларини ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнамоқда. Фармон ижроси бўйича маҳаллий давлат вакиллик органларининг барча бўғинидаги Кенгашларида ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари масалалари бўйича доимий комиссиялар тузилди.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ННТларнинг ҳудудий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, бўшаб ётган ва самарали фойдаланилмаётган давлат мулки объектларида “ННТ уйлари”ни ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Бу борада биринчи бўлиб Хоразм вилоятида “Дўстлик ва ННТ уйи” фойдаланишга топширилди. Унга ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда ўз фаолиятини амалга ошираётган 20 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари ижара танловининг “ноль” ставкасини қўллаган ҳолда жойлаштирилди.

Йиғилишда фармон асосида ташкил этилган халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳарлар Кенгашлари ҳузурида ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари масалалари бўйича доимий комиссия фаолиятига тизимли услубий ёрдам бериш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Шунингдек, Хоразм вилоятида ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратининг амалий самарадорлиги, аҳоли турмуш даражасини юксалтиришда фуқаролик жамияти институтлари билан давлат органларининг самарали ҳамкорлигини амалга оширишдаги муаммолар кўриб чиқилди.

– Айни пайтда Хоразм вилоятида 638 нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият юритмоқда, – дейди халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик комиссияси раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Сайёра Абдукаримова. – Жорий йилда Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан эълон қилинган танловларда вилоятимиздан 9 лойиҳа ғолиб деб топилиб, 253 миллион сўм миқдорда молиялаштирилди. Урганч шаҳри марказида фойдаланилмаётган иншоот 1 миллиард 300 миллион сўм эвазига тўлиқ реконструкция қилиниб, таъмирдан чиқарилди. Бу ерда татар, корейс, рус ва қозоқ миллий маданий марказлари, бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотлар иш бошлади. Энди галдаги асосий масала соҳадаги муаммоларни тизимли равишда бартараф этиш ва аҳолига янада қулайлик яратишдир.

Йиғилишда Парламент комиссияси аъзолари томонидан вилоятда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш мақсадида қатор таклифлар билдирилди.

3 180
Абдулазиз Мусаев, ЎзА