ЎзА Ўзбек

24.09.2020 Чоп этиш версияси

Хоразм узумлари жаҳон бозорида

Хоразм узумлари жаҳон бозорида

Хоразм вилояти боғбонлари томонидан етиштирилган сархил мевалар, хусусан, узум жойлардаги совутгичларга жамланиши билан бир қаторда чет элга ҳам экспорт қилинмоқда.

Мамлакатимиздаги тадбиркор ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда кенг имконият ва қулайликлар яратилмоқда. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларига хориж давлатларида талаб юқори.

Вилоятда етиштирилиб, экпортга йўналтирилган мева-сабзавот маҳсулотларининг қарийб 99 фоизи Россия ва МДҲ мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади. Жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида 4 миллион 500 минг АҚШ долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинган бўлса, умумий экпорт ҳажмининг тўртдан бир қисмини узум маҳсулоти ташкил этади.

Боғот туманида мавсум бошидан буён биргина узумнинг ўзидан 1 миллион АҚШ долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Майдонларда ҳосилни йиғиб олиш ишлари ҳали давом этмоқда. Бу йил туманнинг Деҳқонбозор қишлоғидаги “Жаннат боғи” фермер хўжалигининг токзорларида ҳам узум ҳосили мўл бўлди. Етиштирилган меванинг деярли ҳаммаси ҳудди олдинги йиллардаги каби хорижга экспорт қилинади.

– Қишлоғимизда аксарият аҳоли узум етиштириш билан шуғулланади, – дейди "Жаннат боғи" фермер хўжалиги раҳбари Гулчеҳра Давлатова. – Аҳолининг асосий даромади ҳам узумчиликдан. Бизнинг токзорларимизда ҳам узумнинг “Тойфи”, “Келин бармоқ”, “Кетмон софи”, “Қора ниқобли”, “Ҳусайни” ва “Рўзимат ота” каби турлари экилган. Мевага кирган токларимиз ёшига қараб 10 килограмдан 25 килограмгача ҳосил беради. Хўжалигимизда 11,5 гектар майдонда экспорт учун энг қулай узум нави бўлган “Тойфи” узуми экилган. Маҳалладошларимизнинг 25 нафарини мавсумий ишга жалб қилганмиз. Келгуси йилда 10 гектар интенсив узумзордаги меваларни ҳам экспорт қилишни бошлаймиз.

Мавсум қисқа, ҳосил эса кўп. Хориждан талаб ҳам кун сайин ортмоқда. Ташқи бозордан харидор топиш ва маҳсулотни тезроқ экспорт қилишда эса фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари божхона тартиботлари, мавжуд янгиликлар ва қулайликлар билан яқиндан танишиб боришлари лозим. Шу нуқтаи назардан вилоят божхоначилари ҳам далама-дала юриб тадбиркорлар ва фермерларга амалий ёрдам кўрсатмоқда. Боғотда етиштирилаётган узум маҳсулотларини экспортга расмийлаштириш жараёнлари асосан Хоразм вилояти божхона бошқармаси “Урганч” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида амалга оширилиб, шу билан бирга тадбиркорларга ҳуқуқий кўмак ва амалий ёрдам ҳам кўрсатилмоқда.

– Узум маҳсулотини махсус автотранспорт восиларига ортиш асосан салқин ҳавода, кечқурун амалга оширилишини инобатга олиб, расмийлаштирув жараёнларини қисқа муддатда тайёрлаш бўйича божхона постида туну-кун навбатчилик ташкил қилинган, – деди Хоразм вилояти божхона бошқармаси “Урганч” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости катта инспектори Ғайрат Замонов. – Ҳорзирги кунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари енгиллаштирилган божхона расмийлаштирувидан ўтказилмоқда. Яъни, хавфни бошқариш автоматлаштирилган ахборот тизими орқали сариқ ва яшил йўлакларда амалга оширилмоқда. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорти учун кетган вақт ўртача 35-40 дақиқани ташкил этмоқда. Бу эса ўз навбатида тадбиркорларимизни вақти ва маблағини тежайди.

Боғларда етиштирилган меваларни истеъмолчиларга сифати бузилмасдан етказиб бериш ҳамда узоқ муддат сақлаш катта аҳамиятга эга. Бунда замонавий совутиш омборлари ҳамда қуритиш технологияларининг ўрни жуда муҳим. Мамлакатимизда Президентимизнинг қарор ва фармонларига асосан шу йўналишда олиб келинаётган замонавий техника ва технологияларга божхона тўловларидан имтиёз берилган.

Тумандаги “PERFECT LOGISTICS” масъулияти чекланган жамияти берилган имтиёзлардан фойдаланиб 1600 тонналик сиғимга эга мева ва сабзовотларни сақлаш ва қуритишга мўлжалланган совучкич омборини ишга туширди. Лойиҳа қиймати 2 миллион 600 минг АҚШ долларини ташкил этган қурилмаларни хориждан олиб келишда божхона органлари томонидан 10 миллиард 332 миллион 32 минг сўм божхона тўловларидан имтиёз берилган.

– Бугунги кунда давлатимиз томонидан тадбиркорларимизга берилаётган кенг имкониятлар ва қўлланилаётган имтиёзлар асосида юртимизда етиштиралаётган мева-сабзавотларни узоқ муддат сақлаш ва экспорт қилиш мақсадида замонавий музлаткич ҳамда қуритишга мўлжалланган технологияларни корхонамиз омборхоналарига ўрнатдик, – дейди “PERFECT LOGISTICS” МЧЖ иш юритувчиси Отабек Матчонов. – Натижада 50 нафар янги иш ўринлари яратилди. Совутгич омборхонамизда 12 та камера бўлиб, ҳар ҳил меваларни ўзига яраша махсус шароитда сақлаш имконияти мавжуд. Тумандаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан етиштирилган меваларни қабул қиламиз ва экспорт қилингунга ёки бозорга олиб кетилгунга қадар сақлаймиз. Мева ва сабзавотларни кластер усулида ҳам қабул қиламиз.

Диёримизда етиштирилаётган сархил мевалар ҳуштаъми ва сифати билан жаҳон бозорларида бренд маҳсулотларга айланган. Шартномалар сони кўпаймоқда. Давлатимиз томонидан қонунга итоаткор ва ҳалол тадбиркорларнинг хорижга экспорт қилаётган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмаётганлиги, божхона постларида юк машиналари навбатсиз ҳаракатланишга рухсат берилаётгани маҳсулотларни хориждаги ҳамкорларга тезроқ етиб боришини таъминлаётир. Бу ўз навбатида мамлакат иқтисодиётида муҳим ўрин тутган экспорт ҳажмининг ортишига хизмат қилмоқда.

1 892
Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА