ЎзА Ўзбек

15.09.2018 15:00 Чоп этиш версияси

“Хоразм лазгисига мафтун бўлдим...“

“Хоразм лазгисига мафтун бўлдим...“ Бу “Рақс сеҳри” халқаро фестивали доирасида ўтказилаётган оммавий ва яккахон рақслар танловини кузатиб бораётган япониялик эксперт Машука Мазокининг сўзлари.

– Жамоаларнинг чиқишини кузатарканман, уларнинг ранг-баранглиги, жозибаси менга жуда ёқди, – дейди М. Мазоки. – Мамлакатингизнинг ҳар бир ҳудудида ўзига хос рақс санъати мактаби мавжуд экан. Улар бир-бирини такрорламайди. Бухоролик ва хоразмлик қизларнинг рақслари менда жуда катта таассурот қолдирди. Айниқса, Хоразм лазгисига мафтун бўлдим.

Хива туманидаги “Саёд” маданият ва аҳоли дам олиш масканида ўтказилаётган танловда республикамизнинг барча вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридан рақс жамоалари ва яккахон раққосалар қатнашмоқда. 

4.jpg 

Рақс танловига АҚШ Коркоран санъат ва дизайн мактаби директори Лорел Грей, индонезиялик хореограф Асри Дви Хапсоки, Канада миллий рақс студияси бошқарувчиси ўринбосари Сашар Зариф, ЮНЕСКОнинг Бутун жаҳон рақс ташкилоти аъзоси Гулнора Мусаева ҳакамлик қилмоқда.

Шунингдек, танловни халқаро экспертлар Машука Мазоки (Япония) ва Софиана Муфидах (Индонезия) кузатиб бормоқда.

– Биз жамоамиз билан бугунги танловда “Самарқанд Уфори” рақсига тайёрланиб, келганмиз. Умид қиламизки, халқаро тоифадаги ҳакамлар ҳайъати ижодимизни муносиб баҳолайди, – дейди Самарқанд вилояти “Таманно” рақс ансамбли жамоаси раққосаси Шаҳноза Мирзаева. 

8.jpg 

Рақс танлови кун бўйи давом этади. Ғолиб ва совриндорлар якуний гала-концертда тақдирланади.

Аҳмаджон Шокиров, Шоназар Қориев (сурат) ЎзА
3 140