ЎзА Ўзбек

27.02.2020 Чоп этиш версияси

Хонободликлар фарёди: газ-ку йўқ, ҳеч бўлмаса электр энергияси таъминоти яхшилансин... (+видео)

Хонободликлар фарёди: газ-ку йўқ, ҳеч бўлмаса электр энергияси таъминоти яхшилансин... (+видео)

Бир мурожаат изидан

Қашқадарё вилояти Қарши тумани “Хонобод“ маҳалла фуқаролар йиғини вилоят марказидан бор-йўғи 10-12 чақирим узоқда. Айни пайтда маҳаллада 7 мингдан зиёд аҳоли яшайди.

Маҳалла аҳолисининг электр ва табиий газ таъминоти бўйича мурожаатини ўрганиш учун Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбири одамлар билан юзма-юз мулоқотда бўлиб, вазиятни ўрганди.

photo5382094609372523671.jpg

Қишлоқдаги 1 минг 300 дан зиёд хонадонда кейинги пайтларда тез-тез, ҳатто кунига 7-8 марталаб электр сабабсиз узилиб қолмоқда. Биз қишлоққа борганимизда чамаси соат 17.00 атрофида хонадонларда электр токи йўқ эди. Аҳоли электр бор пайтда ҳам қувват пастлиги сабаб электр билан ишлайдиган дазмол, совутгич ва шунга ўхшаш маиший техника буюмларини ишлатиш имкони бўлмаётганидан нолиди.

photo5382094609372523675.jpg

–Маҳалламизда газ қувурлари бўлса-да, табиий газ узиб ташланган, – дейди Хондамир Аҳмедов. – Бир неча марта туман, вилоят газ идораларига мурожаат қилдик, лекин ҳеч қандай фойдаси бўлмади. Фақат битта жавоб — “бу намунали уйлар кўмирга мослашган“, деган жавобни олдик. Хўп, газ йўқ, ҳеч бўлмаса, электр энергияси таъминотини яхшилаб беришсин. Электр токининг кучланиши кам бўлгани боис Қарши туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Даврон Ризаевга мурожаат қилганимизда ҳатто эшитишни ҳам истамади. Қарши тумани электр тармоқлари раҳбарияти ҳам “муаммони ҳал қилиб берамиздан“ нарига ўтмаяпти. Мана, икки ойдирки, ёш болаларимиз билан совуқ уйда ўтирибмиз. Кечқурунлари 120-153 вольт кучланишда электр энергияси узатилмоқда. Бу кучланишга инверторли кондиционер ҳам ишламайди. 

photo5382094609372523679.jpg

Рост, маҳаллада айни пайтда намунавий лойиҳалар асосида қурилган 58 та уй бўлиб, уларнинг ҳеч бирида иситиш тизими яхши йўлга қўйилмаган. Газга мослашган қозонхоналар ўрнатилган, газ қувурлари тортилган, аммо табиий газ йўқлиги сабаб уларнинг ҳеч бири ишламайди. Электр печларидан ҳам фойдаланиш имконсиз. Қозонхоналарни кўмир билан ишлатиш учун эса, етарлича кўмирнинг ўзи йўқ. Натижада 4-5 хонали уйнинг кичкина бир хонасига қўлбола печлар ўрнатиб олган. Ғишт деворни тешиб, мўриларини чиқариб қўйган.

– Не-не орзу-умидлар билан 2016 йилда намунали уйга кўчиб кирганмиз, –дейди Гуласал Ҳотамова. – Қиш мавсуми бошланиши билан ичимизга ғулғула тушаверади. Сабаби, уйни қандай иситишни билмаймиз. Газ йўқ, кўмир йўқ, электр қуввати паст. Бунинг устига электр энергияси жуда кўп узилади. Уйлар жуда зах ва совуқ. Фарзандларимизнинг боши касалдан чиқмайди. Дардингни кимга айтишни билмайсан. Бу уйларнинг қурилиши ҳам шу қадар сифатсизки, деворлари захлаб, ўпирилиб тушяпти. Қийин шароитда яшашни истамаган қўшнилар шаҳарга ижарага чиқиб, уйини сотувга ҳам қўйган. Одам бор жойга одам келади. Уйимизга келган меҳмонларни тузукроқ кутиб ололмаймиз. Чунки шароит йўқ.

photo5382094609372523668.jpg

Намунали уйларни кузатар эканмиз, қурилганига 4-5 йил бўлмасдан девор сувоқлари оқиб тушаётгани гувоҳи бўлдик. Бу ҳали уйларнинг сиртида кўриниб турган ҳолат, ким билсин, унинг ичкида қанча муаммо бор.

Маҳалла аҳлининг таъкидлашича, ҳудудда жойлашган боғча ва мактабда ҳам иситиш тизими кўнгилдагидек эмас. Бир пайтлар ушбу маҳаллада ҳам табиий газ бўлган. 2005 йилгача аҳоли бу имкониятдан фойдаланган. Қишлоққа тортилган ва ҳозирги пайтда тармоқдан узиб қўйилган қувурлар буни исботлаб турибди.

photo5382094609372523669.jpg

Бугун Президентимиз ташаббуси билан ҳудудларда аҳоли муаммолари секторлар кесимида ўрганилиб, кўпчилигига ечим топилмоқда. Наҳотки, Қарши туманидаги Хонобод қишлоғига бириктирилган сектор раҳбарлари ҳам аҳолининг бу муаммоларига ҳеч бўлмаса эътибор қаратишни ҳаёлига келтирмаётган бўлса. Қани қоп-қоп ваъдалар бериб ҳудуддан сайланган депутатлар? Нега улар йиғилишлардан бўшаб, аҳоли муаммоларини ўрганишга вақт топа олмаяпти? Туман ҳокимлиги вакиллари аҳолини ёзувчига чиқариб, уларни эшитишни ҳам истамаса, одамларнинг жиғибийрон бўлганича бор. Дардини кимга айтсин? Табиий газ масаласини-ку ресурс йўқ, деган иддао билан англадик. Аммо наҳотки, электр энергияси қувватини ошириш ёки кўмир таъминотини яхшилашнинг имкони бўлмаса?

Ўйлаймизки, Қарши туман ҳокимлиги мутасаддилари ушбу масалани обдон ўрганишади, муаммога ечим топишади ва кейинги гал маҳаллага одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаётгани ҳақида мақола тайёрлаш учун борамиз.



4 017
Ў.БАРОТОВ, ЎзА