ЎзА Ўзбек

03.12.2019 Чоп этиш версияси

Хонликлар даврини фожиали, изтиробли, шонли ва зафарли воқеалари билан кўрсатиш пайти келди

Хонликлар даврини фожиали, изтиробли, шонли ва зафарли воқеалари билан кўрсатиш пайти келди

Биз кинони экран қаршисида иссиққина чой ичиб томоша қилишни ёқтирамиз. Бироқ ана шу экран ортида фильм ижодкорларининг заҳматли меҳнати ётганини ҳар доим ҳам ҳис қилавермаймиз. Айниқса томошабин жуда яхши кўрадиган, ижодкорлар билан ҳар учрашувда тинмай сўрайверадиган тарихий филмьлар меҳнати эса янада мушкул. Режиссёр Дилмурод Масаидовнинг “Қўқон шамоли” бадиий фильми томошабинлар кўнглидан жой оладиган тарихий мавзудаги яна бир муваффақиятли фильм бўлиши кутилмоқда. ЎзА мухбири мазкур фильм сценарий муаллифи, Қўқон Давлат педагогика институти ўзбек тили адабиёти факультети декани Зебо Қобилова билан бадиий асар юзага келиш тарихи, кинога асос қилиб олинган воқеалар, тарихий қаҳрамонлар тақдири хусусида суҳбатлашди.

– “Қўқон шамоли” фильми сценарийси ёзилиш тарихи қандай? Қачон бошлагансиз, қанча вақт сарфладингиз?

– Сценарий юзага келишига узоқ йиллар сарфланган. 1996 йилда “Амирий ва унинг адабий фаолияти” мавзусида номзодлик иши ёзишни бошлаган эдим. Шу йилдан бошлаганман десам тўғри бўлади, назаримда. 2007 йилда муваффақиятли ҳимоя қилдим. Бир йил ўтиб “Қошингға тегузмагил қаламни” номи остида Амирий ғазалларидан намуналарни нашр этдик. 2010 йилда эса “Амирий шеърияти” номли монографиям чоп этилди. 2017 йили Амирий таваллудининг 230 йиллик юбилейи муносабати билан Қўқонда Республика анжумани бўлиб ўтди. Шу муносабат билан Амирийнинг 2 қисмдан иборат (туркий шеърлар алоҳида, форсий шеърлар алоҳида) девонини нашр этдик. Шу анжуман учун 45 дақиқалик “Назм қуёши” деб номланган иницинировка ёздим. Анжуманда иштирок этган кўпчилик устозлар, олимлар: бир ҳужжатли ёки бадиий фильм ёзсангиз бўлар экан, дейишди. Насиб, деб айтган эдим. Айни шу паллаларда “Ўзбеккино” миллий агентлиги тарихий фильмлар учун сценарийлар танловини эълон қилди. Мен ҳам “Айбсиз айбдор” деб номланган сценарийимни тақдим этдим ва у танлов ҳайъатига маъқул бўлди.

– Филмьда тарихий ҳақиқатлар, фактлар, тарихий шахслар прототипи, ҳаётий воқеаларидан қай даражада фойдаланилган, томошабин учун янги бўлган бирор-бир тарихий факт, далиллар борми? Бўлса мисол келтира оласизми?

photo5260630486110284796.jpg

– Фильмда тарихий ҳақиқатларга асосланилган. Сценарий ёзиш учун Мулло Олим Маҳдум Ҳожининг “Тарихи Туркистон”, Ибратнинг “Фарғона тарихи”, Пўлатжон Қайюмийнинг “Тазкираи Қаюмий”, Ҳакимхоннинг “Мунтахаб ут таворих” асарларидан фойдаланилди. Энг асосий манба бу – Амирий ва Нодира девонлари дебочалари ва адабий мероси бўлди.

Фильмда томошабин учун кўплаб янги маълумотлар бор. Аввало, томошабин Қўқон хони Умархонни шу пайтга қадар Нодирабегимнинг турмуш ўртоғи сифатида билган. Чунки собиқ шўро тузуми йилларида ҳукмдор ижодкорларга қараш бирёқлама эди. У узоқ вақт давомида қораланиб келинди. Сарой адабиёти деб камситилди. Аслида эса ўзбек адабиётининг энг сара асарларининг бугунга қадар яшаб келишида саройнинг алоҳида аҳамияти бор. Умархон ўз саройида адабий муҳит яратди. Ўзи ҳам бу муҳитнинг энг истеъдодли ижодкорларидан эди. “Амирий” тахаллуси билан дилбар ғазаллар ёзди. Томошабин учун бу ҳам катта янгилик. Фильмда Умархоннинг тахтга келиш жараёнлари ҳикоя қилинади. Умархон акаси Олимхоннинг ўлимида гумон қилинади. Аслида эса ундай бўлмаган. З. Муқимовнинг “Қилич ва қалам соҳиблари” китобида, шунингдек “Олимхоннинг қотили кимлар эди?” сарлавҳали мақоласида бу масалага ойдинлик киритилган. Бу фитна сарой амалдорлари Ирисқулибий ва Жумабий Қийтоқийлар атрофида бирлашган хиёнатчи беклар томонидан амалга оширлган эди.

– Филмь сценарийсига тўқима воқеа ва образлар ҳам киритганмисиз?

photo5258127297565797487.jpg

– Албатта, тўқима воқеалар, образлар бўлиши ҳам табиий. Чунки бу бадиий асар. Бадиий асар янги мавжудлик. Тарихий воқеаларни ёритиб беришда айрим тўқима эпизодлар қўшилди. Умархон ва Нодиранинг сайри, хиёнатчи бекларнинг жазоланиши, қаландар билан боғлиқ воқеалар... Сценарийда қатор тўқима образлар бор. Беклар, канизаклар, чойхона ва бозордаги воқеаларда иштирок этувчи образлар ва ҳоказо. Олимхон, Умархон (Амирий), Нодира, Раҳмонқулибий, Мингойим, Шайхулислом, Гулханий, Махмур, Ирисқул, Жумабий булар ҳаммаси тарихий шахслардир.

Умархон Қўқон ҳукмдорлари орасида маърифатлиси ва адолатлиси бўлган. Ўз девони дебочасида кўприклар қурдиргани, йўлларни қароқчилардан тозалагани, илм аҳлига рағбат кўрсатганлигини ёзади. Фильмда ана шу қирраларга эътибор қаратилди. Мамлакатни инсоф ва адолат билан бошқаргани, халқни солиқлардан озод этгани, адабий муҳит етакчиси сифатидаги фаолияти, шоирлик қирралари кўрсатилди

– Фильмни суратга олиш давомида сценарийдан чиқиш, ўзгартириш, бирор қисмларидан воз кечиш ҳолатлари ҳам бўлдими?

photo5258458332170137007.jpg

–Сценарий “Айбсиз айбдор” деб номланган эди. Режиссёр Дилмурод Масаидов “Қўқон шамоли” дея номласак қандай бўларкин – деганди. Маъқул келди. Қўқоннинг табиий шамоли ҳам жуда кучли бўлади. Дарахтларни илдизи билан қўпориб отади. Умархон даври сиёсий шамоллари ҳам ҳам шундай бўлган. У мураккаб бир замонда яшади. Лекин 10 йиллик ҳукмронлик даврида муносиб яхши ном қолдирди. Бугунги авлод буни билиши шарт.

– Фильмда ўзингиз учун энг манзур келган саҳна, воқеа, образ қайси бўлди?

photo5260630486110284794.jpg

– Менга маъқул бўлган образ Гулбаҳор Йўлдошева талқинидаги Мингойим образи бўлди, шунингдек, Дилмурод Масаидов талқинидаги Қаландар жуда яхши чиққан. Умархон ва Нодира образларини яратган ёш актёрлар Илҳом Бердиев ва Райхон Асадовалар ижролари ҳам маъқул.

Фильм Қўқон хонлиги воқеаларидан бир лавҳа холос. Аслида катта бир сериаллар олиниши лозим. Деярли асарлар ҳам ёзилмади, фильмлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Хонликлар даврини бор ҳақиқатлари билан, фожиали, изтиробли, шонли ва зафарли воқеалари билан кўрсатиш пайти келди.

3 064
Инобат АҲАТОВА, ЎзА