Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

07.08.2018 16:22 Чоп этиш версияси

Хонадон қўриғи нархи ойига 17 минг сўм

Хонадон қўриғи нархи ойига 17 минг сўм
Аҳолининг барча қатламлари манфаатларини инобатга олиб, кейинги 6 йил давомида хонадон қўриғи нархи ўзгартирилмади.

Жорий йилнинг 27 июль куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирилган танқидий фикрлардан сўнг Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш бош бошқармаси томонидан “Хавфсиз хонадон” махсус режаси ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда. Биргина ўтган ҳафта мобайнида республикамизда 400 дан ортиқ хонадон қўриқлаш тизимига уланди.

Тошкент шаҳрида жорий этилган интеграллаштирилган қўриқлаш тизимлари ва инновацион қўриқлаш моделини республикага татбиқ этиш белгиланди. Аҳолининг барча қатламлари манфаатларини инобатга олиб, кейинги 6 йил давомида хонадон қўриғи нархи (ойига 17 минг сўм) ўзгартирилмади.

Тадбиркорлик объектларига қўриқлаш хизматларини кўрсатиш кўлами кенгайтирилиши натижасида техник қўриқлаш хизмат нархи бўйича 40 фоизгача чегирма белгиланди. Эътиборлиси, ушбу объектларга қўриқлаш хизматларининг сигнализация воситалари ҳамда бошқа жиҳозлар бепул ўрнатилиши йўлга қўйилди.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш бош бошқармаси томонидан Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида ана шулар ҳақида сўз борди.

Унда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш бош бошқармаси бошлиғи, полковник Т.Нажимов ва бошқалар мамлакатимизда замонавий қўриқлаш ва хавфсизлик воситаларини татбиқ этиш ишларига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Бу борада амалга оширилаётган изчил ишлар натижасида мазкур хизматнинг сифат ва самарадорлиги тубдан яхшиланиб, шахсий таркибнинг жанговар ва касб тайёргарлиги ортиб бормоқда. 

Соҳа вакилларининг берган маълумотига кўра, эндиликда босқинчилик жиноятларининг олдини олиш мақсадида аҳоли ва тадбиркорларга “ташвиш” тугмаси бўйича хизмат кўрсатиш нархи (ҳозирда соатига 1 минг 766 сўм) ўрта ҳисобда 50-60 фоизга арзонлаштирилади.

Республика ички ишлар органлари қўриқлаш бўлинмалари томонидан жорий йилнинг шу пайтига қадар 26 минг 953 халқ хўжалиги объекти ва 12 минг 104 фуқаро хонадони қўриқлаб келинмоқда. Фаолият жараёнида жорий йилда 23 та жиноий тажовузнинг олди олинди. Тошкент ва Андижон шаҳарларида техник қўриқлаш тизими тўлиқ замонавий интеграллашган, инновацион технологияларга ўтказилди. Ҳозирда улар орқали 5 минг 202 объект ва 6 минг 977 хонадон қўриқланмоқда.

Тадбирда иштирокчилар қўриқлаш хизмати фаолиятига татбиқ қилинаётган бошқа янгиликлар билан ҳам танишди. 

Д.Суннатов, ЎзА