ЎзА Ўзбек

07.07.2018 09:00 Чоп этиш версияси

Хизмат кўрсатиш электрон навбат орқали

Хизмат кўрсатиш электрон навбат орқали
Самарқанд шаҳар давлат хизматлари маркази томонидан юридик ва жисмоний шахсларга 56 турдаги давлат хизматлари кўрсатилмоқда.

Аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифати ва тезкорлигини ошириш мақсадида яқинда марказда тажриба тариқасида электрон навбат тизими йўлга қўйилди.

– Ушбу тизимнинг афзаллиги шундаки, бунда марказга мурожаат қилувчининг вақти тежалади, ходимларнинг иш самарадорлиги ошади, – дейди Самарқанд шаҳар давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи У.Абдураҳмонов. – Марказга келган шахс қайси хизмат туридан фойдаланмоқчи эканини айтиб, навбатга ёзилади ва бу электрон рўйхатга киритилади. Кейин навбат рақами бўйича мурожаат қилувчилар қайси ходимга учрашиши эълон қилиб борилади. Марказ ходимлари компьютерида ҳам навбатда турган шахслар тўғрисидаги маълумотлар бўлади. Фуқаро тегишли давлат хизматидан фойдаланиб бўлганидан сўнг замонавий техник воситалардан фойдаланган ҳолда унга хизмат кўрсатган ходим ишига баҳо бериб кетиш имконияти ҳам яратилди. Фуқароларнинг марказ ва ходимлар ишига берган баҳоси Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан таҳлил этиб борилади. Шу каби имкониятлар туфайли ҳозирда кунига 400-450 кишига хизмат кўрсатяпмиз. Шанба куни эса жойларга чиқиб, тегишли давлат хизматлари кўрсатилмоқда.

16.JPG

Маълумотларга кўра, йил бошидан буён 21 минг 500 дан ортиқ юридик ва жисмоний шахслар марказ хизматидан фойдаланган. Биргина июнь ойида 7 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилган. Бунда айниқса, болаларни мактабгача таълим муассасаларига жойлаштириш, жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш, электрон рақамли имзо олиш билан боғлиқ мурожаатлар салмоқли ўрин эгаллайди.

Шунингдек, жорий йилда Тошкент давлат юридик университетига ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлардан ҳам аризалар давлат хизматлари марказларида қабул қилинмоқда. Июнь ойида Самарқанд шаҳар давлат хизматлари маркази 40 нафар йигит-қиздан ариза қабул қилиб, тегишли тартибда расмийлаштирди.

– Яқинда Самарқанд ҳуқуқшунослик коллежини битириб, диплом олдим – дейди Жавоҳир Темиров. – Тошкент давлат юридик университетига ўқишга кириш учун тест синовларида қатнашмоқчиман. Зарур ҳужжатлар билан Самарқанд шаҳар давлат хизматлари марказига келиб, ариза ёздим ва абитуриент сифатида рўйхатдан ўтдим. Қисқа фурсатда ишим битди, анча вақтим, маблағим тежалди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА

Алишер Исроилов олган суратлар
6 469