ЎзА Ўзбек

25.07.2018 16:02 Чоп этиш версияси

Хизмат кўрсатиш сифати ортмоқда

Сирдарё вилояти Сайхунобод туманидаги “Akaltin Logistics Center” масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон – Бирлашган Араб Амирликлари қўшма корхонаси қишлоқ хўжалиги ва бошқа турли маҳсулотларни қабул қилиш, тушириш, сақлаш, темир йўл ва автомобиль транспорти орқали уларни белгиланган манзилга етказиш борасида самарали фаолият юритмоқда.

– Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси барча соҳаларда ўз ифодасини топмоқда, – дейди қўшма корхона раҳбари Мухторжон Тўйчиев. – Жорий йил 14 мартдан бошлаб корхонамизнинг номи “Akaltin Logistics Center” масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон – Бирлашган Араб Амирликлари қўшма корхонаси, деб ўзгартирилди. Бугунги кунда жамоада 24 киши доимий иш билан таъминланган. Бундан ташқари, экспорт салоҳияти ошган вақтда яна 20-25 киши мавсумий ишларга жалб этилади.

Корхонада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва бошқа товарларни юклаш учун махсус транспорт воситалари етарли. Юк ортиш пароми ҳолати аъло даражада ва ҳамиша техник жиҳатдан фойдаланишга шай. Ҳажми 9 минг 702 метр кубдан ортиқ битта божхона омбори, яна шунча ҳажмдаги битта ва 10 минг квадрат метрлик омбордан фойдаланилади.

Истиқболда яна 3 та омбор барпо этиш режалаштирилган. Шунингдек, ҳўл мева ҳамда турли озиқ-овқат маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган сиғими 1 минг 440 тонналик совутгич, сабзавот ва полиз маҳсулотларини сақлайдиган 900 тонналик омбор қуриш лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Бу лойиҳалар тўла амалга оширилгач, 25 янги иш ўрни яратилади.

Бу ерда ишчи-хизматчилар махсус кийим ва иссиқ овқат билан таъминланган. Уларнинг кўнгилли ҳордиқ чиқариши ва самарали меҳнат қилиши учун барча қулайликлар яратилган.

Корхонанинг йиллик экспорт ҳажми 100 минг АҚШ долларини ташкил этади. Барча маҳсулот ва товарларни белгиланган манзилга экспорт қилиш, хориждан келтирилаётган импорт маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш, юклаш, манзилга етказиш тўла кафолатлангани корхона фаолиятини янада ривожлантиришнинг муҳим омили бўлаётир.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
3 028