ЎзА Ўзбек

23.08.2018 14:58 Чоп этиш версияси

“Хизмат – беминнат”да тайёрланган Жалол Абдуллаев бир йўла 3 та университетга ўқишга кирди

“Хизмат – беминнат”да тайёрланган Жалол Абдуллаев бир йўла 3 та университетга ўқишга кирди

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси Жиззах вилояти кенгаши ташаббуси билан “Хизмат – беминнат” лойиҳаси доирасида 18та бепул ўқув-курси фаолияти йўлга қўйилган эди. 

Бу курсларда 110 нафардан ортиқ уюшмаган ёш олий таълим муассасаларига тайёрланди, касб-ҳунарга йўналтирилди. “Хизмат – беминнат” лойиҳаси асосида ташкил этилган курс тингловчиларидан бири Жалол Абдуллаев бирданига учта нуфузли олий ўқув юрти – Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент шаҳридаги Инҳа ҳамда Турин политехника университетлари кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, талаба бўлиш ҳуқуқини қўлга киритди. 

– Аввалига омаднинг кўплашиб келгани ишонмадим, – дейди Ж. Абдуллаев. – Учала олий таълим муассасасидан қайси бирида ўқисам экан, деган савол бўйича бир тўхтамга келиш қийин бўлди. Бу борадаги жавобни ошкор этишни бироз ортга сурмоқчиман. Ушбу лойиҳани амалга ошириб, мен каби кўплаб ёшларга беминнат ёрдам бергани учун Миллий тикланиш демократик партиясидан, “Хизмат – беминнат” ўқув курсидаги жонкуяр устозларимдан миннатдорман.

“Хизмат – беминнат” ўқув курсларини ташкил этишдан кўзланган мақсад маҳаллалардаги уюшмаган ёшларни таълим ва касб-ҳунарга йўналтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, билимга чанқоқ, иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ёшларнинг чет тилларни ўрганишга бўлган қизиқишларини рағбатлантиришдан иборат эди.

Лойиҳа доирасида ташкил этилган ёшларни олий таълим муассасаларига киришга тайёрлаш курсларининг фаолияти самарали бўлди. Бу курсларда имтиҳонларга тайёрланган ёшлардан 14 нафари давлат гранти асосида, 8 нафари тўлов контракти асосида турли олий таълим муассасаларига ўқишга кирди.


Тошқул Бекназаров, ЎзА
5 091