ЎзА Ўзбек

01.06.2018 19:00 Чоп этиш версияси

“Хизмат – беминнат” – бу қандай акция?

“Хизмат – беминнат” – бу қандай акция?
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан ташкил этилган “Хизмат – беминнат” лойиҳаси кундан-кунга чекка ҳудудлардаги ёшларни узоғини-яқин, оғирини-енгил қилаётган самарали лойиҳага айланиб улгурди.

Ҳудудларда турли қатламдаги ёшларни бўш вақтларини самарали ва мазмунли ташкил этиш, уларга фанлар ва касб-ҳунар бўйича беминнат билимларни бериш мақсадида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан ташкил этилган “Хизмат – беминнат” лойиҳаси кундан-кунга чекка ҳудудлардаги ёшларни узоғини-яқин, оғирини-енгил қилаётган самарали лойиҳага айланиб улгурди десак, асло муболаға бўлмайди.

Жумладан, ЎзМТДП Наманган вилояти кенгаши “Ёшлар қаноти” томонидан ҳам вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида турли фанлар ва касб-ҳунарга йўналтирилган бепул тўгараклар жадаллик билан ўз фаолиятини олиб бормоқда. Қувонарлиси, мазкур йўналишдаги хайрли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш истагидаги кўнгилли устозларнинг саъй-ҳаракатлари ва лойиҳани амалга оширишдаги самарали меҳнатлари ўз натижасини бермоқда.

photo5226975276997650709.jpg

2018 йилнинг I чораги давомида вилоятда “Ёшлар қаноти” томонидан жами 27 та ана шундай тўгараклар ўз фаолиятини бошлаган бўлса, II чорак мобайнида уларнинг сони яна 11 тага кўпайди. Қайд этиш жоиз, бепул ўқув курсларида 200 нафарга яқин кам таминланган оилалар фарзандлари, фанларни ўзлаштириш паст бўлган ўқувчилар ва уюшмаган ёшлар ўзлари танлаган йўналиш бўйича сабоқларга эга бўлишмоқда.

– “Хизмат – беминнат” ёшларга маънавий ибрат бўлиб хизмат қила оладиган, ёш авлодни миллий ғоя, жасорат ва матонат руҳида тарбиялашга ўз ҳиссасини қўшаётган ва уларни турли ёт мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилган партиянинг йирик лойиҳаларидан биридир, – дейди ЎзМТДП Наманган вилояти кенгаши “Ёшлар қаноти” етакчиси Маъмуржон Эргашев. – Биргина, Учқўрғон тумани мисолида оладиган бўлсак, “Хизмат – беминнат” лойиҳаси бўйича 13 та бепул ўқув курслари фаолият юритмоқда. Унга тумандаги бир гуруҳ фаол ва моҳир устоз-мураббийлар кўнгилли жалб этилган. Тарих, она тили ва адабиёт, экология, биология, инглиз тили, физика, математика каби фан тўгаракларидан ташқари тикувчилик, пазандачилик, тўқувчилик, рақс санъати сир-асрорларини шогирдларига ўргатаётган муаллимларнинг камтарона меҳнатлари таҳсинга сазовор. Айниқса, “Йилнинг энг яхши тўгарак раҳбари” республика кўрик-танлови ғолибаси Ўғилой Абдураззоқованинг ташаббуси билан ташкил этилган “Ёш сайёҳ” тўгараги ёшларининг туризм соҳасидаги билимларини ошириш асносида уларнинг бу соҳада янги инновацион ғоялар яратишига ҳам кўмак бериб келмоқда.

Бир сўз билан айтганда, ёш авлодни ҳар томонлама интеллектуал салоҳиятга эга бўлиши, уларни миллий қадриятларимизга ёт бўлган зарарли ғоялардан асраш, халқимизнинг эзгу урф-одатларининг муносиб давомчилари этиб тарбиялашда “Хизмат-беминнат” каби партиянинг амалий лойиҳалари муҳим аҳамият касб этмоқда.

Оқилхон Дадабоев,
журналист.

6 214