ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Хивада янги минора топилди

Хивада янги минора топилди

Хива - Шарқ дурдонаси дея бутун дунё тан олган энг қадимий шаҳарлардан бири саналади. 2700 йилдан зиёд тарихга эга бўлган бу қадимий шаҳар бир қанча тарихий воқеалар, босқинлар, қирғинларнинг гувоҳи бўлган. Ҳали ҳамон гўзал ва навқирон қиёфасини йўқотмаган шаҳар асрлар оша ўз бағрида қанчадан қанча сиру-синоат ва асори атиқаларни очилмаган қўриқ сингари яшириб келмоқда. Унинг жозибаси, оҳанграбо сингари инсонларни ўзига мафтун этишининг сири ҳам шундадир, балким. 

Айни пайтда Хива шаҳрида жойлашган миноралар сони 16 та бўлиб, улар бизнинг давримизгача деярли бешикаст, яхши сақланган ҳолда етиб келган. Маъмун академияси олимлари ушбу минораларни илғор илмий техникавий услубларни қўллаган ҳолда тадқиқ этиш, ҳолатини янада яхшилаш бўйича изланишлар олиб бормоқда. Шу билан бирга ҳудудда мавжуд бўлган тарихий ёдгорликларни аниқлаш ва уларни ўрганишда маҳаллий аҳоли вакиллари билан мулоқотлар қилиб, ҳамкорлик қилишга ҳам эътибор қаратадилар.

Ана шундай ҳамкорлик самараси ўлароқ Хива шаҳридаги “Дешон қалъа” ҳудудида, аниқроғи “Каптархона” маҳалласида шу пайтгача тарихий ёдгорлик сифатида рўйхатга олинмаган, кўпчиликка номаълум бўлган ёки эътиборсиз қолиб келаётган минора аниқланди. Ушбу минора билан Хивадаги миноралар сони яна биттага кўпайиб, 17 тага етди.

4017758d-e377-40df-9672-8861cc2d2e4c.jpg

–Ҳақиқатан ҳам ушбу минора давлат томонидан рўйхатга олинмаган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси минтақавий бўлими – Хоразм Маъмун академияси илмий ишлар бўйича раис муовини Гавҳар Дурдиева. – Мен ўзимнинг тадқиқот ишларимда Хивадаги барча минораларни ўрганиб, катта монография тайёрлаяпман. Уларнинг тадқиқ этиш давомида ер ости-ер устки қисмлари, пойдеворларига эътибор қилсак ҳар бири ҳар ҳил услубда қурилган. Бир бирини асло такрорламайди. Мазкур минора ҳам халқ орасида ноъмалум минора деб юритилишини билгач, менда “Нима учун ноъмалум минора?” деган савол туғилди ва мен ушбу тарихий объектни ўргандим. Бир неча ой давомида ёши улуғ хивалик отахон ва онахонлар билан суҳбатлашиш ҳамда айрим тарихий манбаларни ўрганиш давомида мазкур минора XVII- XVIII асрларда Хива хонлигини идора қилган қўнғирот сулоласи асосчиси, машҳур иноқлардан Муҳаммад Амин Иноқ ва унинг набираси 1804-1806 йиллардаги Хива хони Элтузархоннинг ўғли бўлган Раҳмонбердибий Иноқ номи билан боғлиқ эканлиги аниқланди. 

d0d6d977-59b5-4e86-982d-647e834dfca1.jpg

Хоразм Маъмун академияси олимларнинг таърифига кўра, ушбу минора ўз ҳусусиятларига кўра масжид минораси бўлиши мумкин. Қолаверса, ушбу фикрни маҳаллий кексалар ҳам таъкидлади. 

–Бу миноара Раҳмонбердибий томонидан XVIII асрда қурдирилган масжиднинг бир қисми бўлган, – дейди Г.Дурдиева. – Миноранинг баландлиги 10 метрни, диаметри эса 3 метр 20 санттиметрни ташкил этади. Афсуски, масжиднинг ўзи асрлар давомида йўқ бўлиб кетган. Бироқ, унинг минораси фидоий инсонларнинг сайъ-ҳаракати билан шу кунга қадар сақланиб келган. Хиванинг энг эски маҳалаларидан бири бўлган каптархоналиклардан биз жуда миннатдормиз. Чунки, давлат ҳимоясига олинмаган ушбу тарихий обидани бешикаст асраб келган. 

Мутахассисларнинг фикрича, миноранинг ҳозирги ҳолати ҳам яхши. Фақат пойдевор қисми озгина ер қарига чўккан ва шўрланган. Шу сабабдан унчалик жиддий реставрация қилиш талаб этилмайди. Ҳақиқатан ҳам ушбу обиданинг 200 йилдан ортиқ вақт мобайнида йиллар силсиласига дош бериб келаётганининг боиси уни барпо этган меъморнинг маҳоратига ҳам боғлиқ. 

c8c3230f-6c97-4a32-91a7-26ecc966c918.jpg


–Ушбу миноранинг қурилиш услуби, унда ишлатилган қурилиш материалларига қараб изоҳлаганда Хивадаги биронта минорани такрорламайди, – дейди Гавҳар Дурдиева. – Минорага эшик орқали кирилади. Спералсимон зиналардан тепага кўтарилиш мумкин. Миноранинг тепа қисмида эса тўрт томонга қараган лавҳ мавжуд. Қадимда масжид муаззими улар орқали “Азон” айтиб, маҳалла аҳолисини намозга чақирган. Мазкур минора ғиштларини теришда ҳам усталар объектинг ер қимирлаганда зилзилабардошлилик жиҳатини ҳам алоҳида ҳисобга олган. Чунки, ғиштлар ўн қатор горизантал ва бир қатор вертикал тарзда терилган. Вертикал терилган ғишт қатори содир бўлиши мумкин бўлган зилзила тўлқинини сўндириш хусусиятига эга бўлиб, фавқулотда ҳолатларда миноранинг қулаб ке
тмаслигини таъминлаган. Горизантал тарзда терилган ғиштларнинг қалинлиги 3 сантиметрни ташкил этса, миноранинг деярли ярмигача улар орасига қўйилган қоришманинг қалинлиги ҳам 3 сантиметрни ташкил қилади. Бироқ, тепага кўтарилган сари қоришма қилинлиги 0,8 сантиметргача камайиб боради. Бу ҳам миллий меъморчилигимизнинг ўзига ҳос услубларидан биридир.

Хивалик Қурбонбой Ҳолиқов Элтузархоннинг бешинчи авлоди ҳисобланади. Аждодлари номи билан боғлиқ тарихий ёдгорликнинг аниқланиши уни ва қариндошларини бирдек қувонтирди. 

– Мен Элтузархон Иноқнинг ўғли Абдуҳолиқбек ва унинг ўғли Абдуқодирбекнинг набирасиман, – дейди Қурбонбой Ҳолиқов. – Бу минора бобомиз Абдуҳолиқбекнинг акаси Раҳимбердибий томонидан қурилганини эштиб жуда қувондик. Аждодларимиз томонидан қилинган хайрли ишларнинг яна бир намунасини аниқлаб, бу борада тинимсиз изланиб, меҳнат қилган барча тарихчи олимлар ва мутахассисларга сулоламиз вакиллари номидан миннатдорлик билдираман. Эндиликда ушбу минорани асраб-авайлашга биз ва фарзандларимиз ҳам ўз ҳиссасини қўшади.

Минора тарихини ўрганиш давомида олимлар яна бир жумбоққа дуч келди. Маълум бўлишича, минора ёнида жойлашган Отаназар Нурметов ҳовлисида номаълум эски қабр ҳам сақланиб қолган. Ушбу хонадон эгалари ушбу тарихий қабрни узоқ йиллар давомида эҳтиётлаб келган. Кўздан пана қилиш учун атрофини девор билан ўраб, устига том ёпган. 

–Мен шу хонадонга 1956 йилда келин бўлиб тушганман, – дейди тўқсон ёшни қаршилаётган Гавҳар она Матқурбонова. – Ўша даврда ҳам қайнонам бу қабр жуда қадимий эканлиги ва у кимнинг қабри эканлигини ҳеч ким билмаслигини айтарди. Бироқ, эски масжид ҳудудида бўлганлиги ҳамда одатдагидан анча катта бўлганлиги сабабли қабр ичидаги инсон ўз даврида мавқеи баланд инсон бўлган дея гумон қилинарди. Шу сабабдан биз ва биздан олдингилар ҳам ушбу қабрни бузиб ташлашга ёки ўрнидан силжитишга жазм этмаган.

Нима бўлганда ҳам ушбу тарихий топилмалар ҳали узоқ вақт давомида мутахассис - олимлар томонидан илмий асосда ўрганилади. Маълумки Хоразмда шаклланган анъанага кўра қадимда ҳукмдорлар, дин уламолари ва таниқли инсонлар қироатхоналар бунёд эттириб ўзларини ўша ерга дафн этишларини васият қилган. Бундан тахмин қилиш мумкинки, топилган қабр айнан Раҳмонбердибий Иноқнинг қабри бўлиши ҳам мумкин. 

Ўзи гачри тахминан икки йиллик тарихга эга бўлсада шартли равишда “Янги” деб аталадиган минора эса эндиликда Раҳмонбердибий минораси деб аталиб, дунёга машҳур тарихий обидалар қаторига кирса, ажабмас. 



890
Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА