ЎзА Ўзбек

13.08.2019 Чоп этиш версияси

Хивада “Қовун сайли – 2019” фестивали бошланди

Хивада “Қовун сайли – 2019” фестивали бошланди

Ҳар йили мустақиллик байрами арафасида Хоразмда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Қовун сайли” тадбирига вилоят деҳқон ва фермер хўжаликлари, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари томонидан катта тайёргарлик кўрилди.

Ҳар бир туман ва шаҳар учун ажратилган, байрамона безатилган павильонларда қовунлар ўзига хос манзарали кўринишда намойиш этилган.

Азалдан олтин воҳа саналган Хоразмнинг миришкор деҳқонлари томонидан етиштирилаётган, дунёга донғи кетган, мазаси тилни ёрадиган ҳар хил навдаги қовунлар ва полиз экинлари мазаси билан Шарқнинг гавҳари саналган Хива шаҳрига ташриф буюрган меҳмонларни ва маҳаллий аҳолини бирдай баҳраманд қилаётир.

– Тўғрисини айтсам, шу пайтгача дунёнинг кўпгина давлатларида бўлиб қовуннинг шунча тури борлигини билмаган ва барчасини бир жойнинг ўзида тановул қилмаганман, – дейди германиялик сайёҳ Доминик Қуосдорф. – Хивага саёҳатим жараёнида шундай байрамда иштирок этаётганимдан жуда бахтиёрман. Ҳар бир қовуннинг мазаси ўзига хос. Айримлари жуда ширин. Бу таъмлар ва бу ердаги кўриниш, мезбонларнинг меҳмондўстлиги бир умр ёдимда қолса керак.

Хоразм қовунчилигини кенг тарғиб қилиш орқали маҳаллий ва хорижий сайёҳларни эътиборини қаратиш ва сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида ўтказилаётган мазкур тадбир доирасида полиз экинлари ва турли боғ меваларининг янги узилган, қуритилган ва қайта ишланган кўринишдаги маҳсулотларидан иборат “Гурвак – Хоразм қовунчилигининг рамзи” савдо кўргазмаси ўтказилмоқда.

Деҳқонлар ва амалиётчи олимлар қовуннинг унутилган навларини тиклаш, экспортбоп янги навларини яратиш ва кўпайтириш устида ишламоқда. Селекционер олимлар томонидан ҳосилдорлиги юқори бўлган, ноқулай об-ҳаво шароитлари, айниқса, оқпалак касаллигига чидамли, экспортбоп “Гурлан”, “Амударё”, “Гулоби Хоразми”, “Саховат”, “ Заргулоби” навларининг яратилгани бу борадаги изланишларга ёрқин мисолдир.

“Қовун сайли – 2019” фестивали доирасида кейинги йилларда вилоятда қовунчилик ва полиз экинлари бўйича илмий ишлар олиб бораётган соҳа мутахассислари фаолияти билан яқиндан танишиш имкони яратилди.

Фстиваль доирасида вилоятнинг фольклор-этнографик гуруҳлари, ёш эстрада хонандаларининг чиқишлари, театрлаштирилган саҳна кўринишлари, гуллар ва ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиши ҳам ташкил этилади.

6 773
Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА