ЎзА Ўзбек

25.05.2018 06:36 Чоп этиш версияси

Хива хонлигидан Россияга боришга ижозат берувчи паспорт кимга берилган?

Хива хонлигидан Россияга боришга ижозат берувчи паспорт кимга берилган?
Паспортда фуқаронинг исми шарифи, ёши, бўйи, кўзининг ранги, қоши, бурни, соқоли, юзи, тоифаси (миллати), қавми (қайси уруғдан эканлиги), яшаш манзили, паспорт серия рақами, берилган санаси аниқ кўрсатилган.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивида сақланаётган “Хива хонлиги архив ҳужжатлари” номли фонд ҳужжатлари ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” дастурида эътироф этилиб, мукофотлангани ҳақида маълум қилган эдик.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, бу фонд ўзининг қадимийлиги, ноёблиги ва Марказий Осиёда ягоналиги билан муҳим аҳамиятга эга. Бу ҳужжатларда XVII аср охири XIX аср бошларидаги ўша давр давлат бошқаруви, ҳарбий ҳолат, фуқароларнинг ҳаёт тарзи ва бошқа барча маълумотлар мавжуд.
7336ab98-3c67-4632-afd1-aad3a68d85e4.jpg
Бундай ҳужжатлар йиғмажилдида 83 минг 551та ҳужжат мавжуд. Улар Марказий Осиёда ягона бўлиб, унда қўшни давлатларга тааллуқли бўлган маълумотлар ҳам учрайди. Бу ҳужжатларда Хива хонлигининг маъмурий-ҳудудий жойлашиши, давлат бошқаруви, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик, савдо алоқалари, халқнинг турмуш тарзи ва маданиятига оид кенг қамровли маълумотлар мавжуд.

Келинг, улардан баъзи бирларини эътиборингизга ҳавола этамиз. Мисол учун, фонддаги энг қадимий ҳужжат 1075 йил ҳижрий, 1664 йил милодий санага тааллуқли бўлиб, Хива хони Ануш Муҳаммад Боҳодирхоннинг фуқаро мулла Маҳмуд ва унинг фарзандларига берган тархан ёрлиғидир. Тархан ёрлиғи бу ўрта асрларда фуқароларни солиқлардан озод қилиш ва баъзи бир имтиёзлар бериш учун қўлланган. Бу ёрлиқлар асосан Пайғамбаримиз (Муҳаммад с.а.в.) авлодларига ҳурмат юзасидан берилган.

Яна бир ҳужжат Хива хони Абул Музаффар вал Мансур Саййид Шоҳтемир томонидан Муҳамад Нодиршайхнинг фарзандлари – Абдулҳай Маҳдум, Ҳожи Поянда Маҳдум, Нуруллоҳ Маҳдум ва Абдуллатиф Маҳдумларга берилган ёрлиқдир. Бу ёрлиқ барча солиқлардан озод қилувчи ёрлиқ ҳисобланиб, насл-насаби Пайғамбаримиз (Муҳаммад а.с.в.) авлодларига бориб тақаладиган кишиларга уларни ҳурматлаш юзасидан берилган.

Ҳижрий 1263 йилларда Хива хонининг Англия бош вазирига ёзган мактуби ҳам кўпчилик учун қизиқарли албатта. Бу хат икки давлат ўртасида дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, савдо-сотиқни ривожлантириш ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш мақсадида ёзилган. Хон ушбу мактубни ўзининг мулозим навкарларидан бўлган Маҳмуд Ниёз орқали жўнатаётганлигини маълум қилган. Ушбу навкар Англияга боришда қайси давлатлар орқали ўтишлиги ва шу давлатлардан навкарнинг бехавотир ўтишлигини Хон ушбу давлат мулозимларига ўзининг мурожаати орқали билдирган. Мактуб форс ва туркий тилда битилган. Хатнинг пастки қисмида унинг ёзилган санаси кўрсатилган (23 рамазон, 1263 ҳижрий сана – 1847 йил, 3-сентябрь).

Ҳужжатнинг орқа тарафида муҳр бор. Муҳрда (Хива элчисидан Подшоҳи Инглистон ва вазири хоссга деб ёзилган.)

14eda75b-436c-4d04-92da-e89e1f69ca4c.jpgЎз навбатида, Хива хони Муҳаммад Раҳимхонга Афғонистон амири Абдураҳмон томонидан ёзилган дўстлик мактуби ҳам сақланиб келинмоқда. Бу мактубда афғон амири Абдураҳмонхон Хива хонига саломлар йўллаб, икки мамлакат ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш ҳақида ўзининг истакларини ёзган. Шунингдек, Хива хони Муҳаммад Раҳимхон билан учрашишга интиқлигини, лекин йўл узоқлиги туфайли бора олмаётганлини, келгусида албатта хон билан учрашишлигини изҳор қилган. Ҳужжатнинг орқа тарафида афғон амири Абдураҳмонхонга тегишли муҳр мавжуд.

Назаримизда кўпчилик учун қизиқарли бўлган яна бир ҳужжат бор. Бу Хива хонлигидан Россияга боришга ижозат берувчи паспорт. Бу ҳужжат фуқаро Шайх назар Муҳаммдназар ўғли ва Бекжон Бобожон ўғилларига берилган бўлиб, у берилган кундан бошлаб, уч ой мобайнида Россиянинг турли шаҳарларига бориб ўз ишларини битириб келишлари учун рухсатнома сифатида амал қилган. 

Паспортда фуқаронинг исми шарифи, ёши, бўйи, кўзининг ранги, қоши, бурни, соқоли, юзи, тоифаси (миллати), қавми (қайси уруғдан эканлиги), яшаш манзили, паспорт серия рақами, берилган санаси аниқ кўрсатилган. Паспорт рус ва туркий чиғатой тилларида ёзилган. Паспортнинг пастки қисмида муҳрлар, маркалар ва имзо мавжуд. Ушбу ҳужжат 1908 йилга тааллуқли.

Архивда 257 варақдан иборат йиғмажилд китоб мавжуд. Унда асосан 1900-1910 йилларга оид Хива хонининг хонликка тегишли мулклардан солиқ тўплашга тааллуқли буйруқлар жамланган. Масалан, йиғмажилднинг тўртинчи варағидаги ҳужжатда хонликка тегишли бўлган “Бекёф” мавзесидаги фуқаролар номидан солиқ тўлашга оид ёзилган ариза бўлиб, ушбу мавзедаги ерларнинг баъзи қисмлари сувсиз ерлар эканлиги, лекин фуқаролар сувли ер учун солиқ тўлаётганликларини айтишган. Улар солиқ тўлаётганларида сувсиз ерлар ҳам ҳисобга олинган ҳолда ҳисоб-китоб қилинишлигини илтимос қилганлар.

700bfe2d-16e2-4fe1-8eed-01af9e1c0c47.jpgЙиғмажилднинг ўнинчи варағида Муҳаммад Раҳимбой деган фуқаро номидан ёзилган билдиришнома бўлиб, унда 1903 йил февраль ойида Андижон шаҳрида юз берган зилзила оқибатида талофат кўрган ва бошпанасиз қолган бева-бечоралар ва етимлар учун ўзи 2000 манат ва қўшнилари 2500 манат миқдоридаги пулни тўплаб жўнатганлиги тўғрисида маълумот берилган.
Умуман олганда бу йиғмажилдда турли мавзудаги аризалар жамланган ва рақамланиб қисқача мазмуни ёзилган. Хива хонлигида вақтинча ёки доимий яшаб турган фуқароларнинг рўйхати ҳам юритилгани жуда қизиқарли. Бу ҳужжатларни варақлаб, унинг 1912-1921 йилларда юритилганини кўрамиз.

Ушбу йиғмажилд 59 варақдан иборат бўлиб, унда хонликда вақтинча ёки доимий яшаб турган чет эл фуқаролари рўйхати берилган. Рўйхат жадвал шаклида бўлиб, унда чет эл фуқаросининг исми, шарифи ва отасининг исми, яшаб турган манзили ва қайси мамлакатдан келганлиги, у ерда яшаган манзили ҳамда ташрифидан мақсади ҳақидаги маълумотлар мавжуд. Бу маълумотлар хонликдаги ҳар бир шаҳар учун алоҳида тузилган. Мисол учун, Хива шаҳри учун алоҳида, Урганч шаҳри учун алоҳида ва ҳоказо...

Хуллас, бу ҳужжатларни ўрганиш асосида билдикки, Тарихсиз келажакка қадам босиб бўлмас экан. Инсон тарихга айланиб улгурган соат, кун, ой, йилларида юз берган воқеаларни ёдга олиб, олдинда турган кунлар учун фикр юритади, ўз олдига мақсад қўяди ва унга етишиш режаларини ишлаб чиқади.

Сайёра Шоева, ЎзА
7 628