ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Хитойликлар 600 миллион доллар инвестиция киритади

Хитойликлар 600 миллион доллар инвестиция киритади

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ташаббуси билан 12-13 февраль кунлари Ўзбекистон делегацияси Грузияда бўлди. 

Ўзбекистонга хорижлик инвесторларни янада кенг жалб этиш, тўғридан-тўғри кириб келаётган инвестиция ҳажмини ошириш мақсадида ташкил этилган тадбирда Тошкент вилояти Нурафшон шаҳар ҳокими Қаҳрамон Ҳакимов ҳам иштирок этди.

Шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматидан маълум қилинишича, амалий ташриф чоғида Нурафшон шаҳрида мамлакатимиздаги илк ақлли шаҳар – “Smart Сity” қурилиши бўйича ҳам муайян келишувга эришилган.

Жумладан, ташриф доирасида Хитойнинг “Xinjiang Hualing Industry & Trade Group Co. Ltd.” компанияси вакиллари билан икки томонлама қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда келгуси ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинган.

Учрашувда мазкур компания томонидан 600 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция киритилиб, Бектемир тумани ва Нурафшон шаҳрида кўп қаватли уйлар, меҳмонхона ва мактаблар қуриш бўйича келишувга эришилган.

Эслатиб ўтамиз, Хитойнинг “Xinjiang Hualing Industry & Trade Group Co. Ltd.” компанияси вакиллари шу йилнинг январида Тошкент вилоятига ташриф буюриб, “Smart Сity” лойиҳаси ва унга ажратилган ер майдони, шунингдек, Тошкент денгизи атрофида бизнес юритиш учун мавжуд имкониятлар билан танишгани ҳақида маълум қилган эдик.

1 905
Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ, ЎзА