ЎзА Ўзбек

24.07.2018 17:57 Чоп этиш версияси

Хитойлик ҳамкорлар Самарқандда

Ванг Шулин хоним раҳбарлигидаги Хитой Халқ Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги вакилларидан иборат делегация Самарқандга ташриф буюрди.

Самарқанд вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари М.Восеев билан учрашувда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, бу борада мавжуд имконият ва салоҳиятдан самарали фойдаланиш ҳақида сўз юритилди. Хитойлик сайёҳларнинг Самарқандга ташрифини кўпайтириш, бу ерда туризм инфратузилмасини такомиллаштириш учун инвестиция киритиш юзасидан фикр алмашилди.

Самарқандда сайёҳликнинг бир қатор йўналишларини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, соҳа вакилларига давлат томонидан берилаётган имтиёз ва имкониятлар, шунингдек, “Самарқанд сити-1” туристик зонаси ҳақида атрофлича маълумот берилди. Бу ерда ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳалар муҳокама қилинди.

Ташриф давомида делегация аъзолари Самарқанднинг тарихий-маданий ёдгорликлари ва диққатга сазовор масканларида ҳам бўлди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
3 771