ЎзА Ўзбек

07.08.2018 15:15 Чоп этиш версияси

“Хитой мўъжизаси”нинг сири нимада?

“Хитой мўъжизаси”нинг сири нимада?
“Блоомберг” компаниясининг маълумотларига кўра, 2018 йил якунлари бўйича Хитой иқтисодиёти Европа Иттифоқи таркибидаги давлатларни ортда қолдириб, жаҳонда иккинчи ўринга кўтарилиб олади.

Экcпертларнинг тахмин қилишларича, 2022 йилга бориб АҚШ иқтисодиётини ҳам ортда қолдиради. Хўш, хитойликларнинг муваффақиятлари сири нимада?

Аввало, ўтган асрнинг 90-йилларида собиқ иттифоқ таркибида бўлган аксарият давлатлар Ғарб иқтисодиёти тамойилларини шошма-шошарлик билан татбиқ этишди. Бироқ Хитой бошқача йўл тутди: иқтисодиётини ислоҳ қилишда оддий ва миллий йўлдан борди. Ўз иқтисодиёти дахлсизлигини сақлаган ҳолда, Ғарбдан Хитой халқи учун лозим бўлган нарсаларнигина олишни мақсад қилди. Яъни, Хитой бозори хорижлик инвесторларга дарвозаларини кенг очди, аммо бу шундай усталик билан бажарилдики, хориж компанияларига етакчиликни қўлга олиши имконияти берилмади. Шу билан бирга хорижий компанияларга Хитойнинг миллий ишлаб чиқариш соҳаси, жумладан, тиббиёт, чой ва гуруч етиштириш бўйича корхоналар барпо этиш тақиқланди. Бунда нафақат иқтисодий, балки рамзий маъно ҳам бор эди: Хитой Ғарб иқтисодиётига юз бурар экан, ўзининг миллий анъаналарида собит туражагини билдириб қўйди.

595641fa29ed5.jpg

Изоҳ: Мамлакатимизда ўтган асрнинг охирларида хорижий инвестиция иштирокида ташкил этилган айрим қўшма корхоналар иқтисодиётимизда етакчиликни қўлга олди. Автомобилсозлик, тамакини қайта ишлаш сингари соҳаларида эса монополия юзага келтирилди. Уларга берилган имтиёзлар боис, четдан рақобатбардош технологиялар кириб келишига йўл қўйилмади. Бу эса мамлакатимизнинг ичида ҳам бундай улкан монополист корхоналарга рақобат муҳитини туғдирувчи ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш имконини бермади. Натижада бу корхоналар жаҳон бозорига чиқишда етарли даражада муваффақиятларга эриша олмади. 

Айтишларича, Хитойнинг шу даражага етишида Мао Сзи Дун муҳим ўрин тутар экан. Унинг ўлимидан сўнг коммунистик партия шундай хулосага келади: Мао амалга оширган ислоҳотлар, сиёсий қарашларнинг 80 фоизи тўғри, 20 фоизи эса нотўғри эди. Шу билан ўтмиш мавзуси ёпилади. Иқтисодиётдаги камчилик ва нуқсонлар учун ўтиб кетган раҳбарларнинг номига қора чаплашга йўл қўйилмайди. Хитой халқининг ютуғи ҳам шундадир балки. Улар амалга ошмай қолган ислоҳотларни, охирига етказилмаган катта режаларни бажариш учун бир ёқадан бош чиқариб олға юришди.

1790642.jpg

Изоҳ: Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти томонидан амалга оширилган залворли ва улкан ишларни юксак баҳолади, эътироф этди. Иқтисодиётда эътибордан четда қолган, мамлакатнинг жадал ривожига тўсқинлик қилаётган муаммолар ечимига янгича ёндашув жорий қилинди. Аммо шундай бўлса-да, баъзи қуйи бўғин раҳбарлари тарки одат амри-маҳол деганларидек, эскича қарашлардан қутула олишмаяпти. Юртимизда содир бўлаётган кенг кўламли ўзгаришлар, ислоҳотлар шиддати билан тенгма-тенг қадам ташлаш, жамиятдаги нуқсонларга барҳам бериш ўрнига ўз уқувсизликларини ўтмишни қоралаш билан хаспўшламоқчи бўлишяпти.

Хитой муваффақиятларининг яна бир сири, унинг ўтмишига бориб тақалади. Қадимдан бу ерда ҳукмрон табақа зиммасига улкан вазифалар юкланган. Уларнинг мамлакат ижтимоий аҳволидан доимо бохабар бўлиши талаб қилинган. Хитойнинг барча машҳур сулолаларида ҳукмдорлар давлат амалдорларига баҳо беришда уларнинг халқ билан мулоқотини биринчи ўринга қўйишган. Яъни, амалдорнинг асосий вазифаси халққа хизмат қилиш бўлган. Шу боис хитойлик йўлбошчилар доимо юксак даражадаги масъулияти билан бошқа юрт амалдорларидан ажралиб келади ва ҳозир ҳам шундай.

Kilamba_Kiaxi_-_May_2011_(3).jpg

Изоҳ: Бугун мамлакатимизда бевосита Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган ғоя устуворлик қилмоқда. Бу эса шубҳасиз, бошқарув тизимидаги барча бўғин раҳбарларидан халқ манфаатини барча нарсадан устун қўйишини талаб қилади. Лекин бир нарсани таассуф билан таъкидлаш лозимки, халқимиз азалдан амалдорларга хизмат қилиш керак, деган тушунча билан яшаган. Бир замонлар хонлар, кейин Чор Россияси амалдорлари, кейин собиқ компартия раҳбарлари оғзидан чиққан бир оғиз сўзга маҳтал туришган.

Энг ёмони амал курсисига ўтирган амалдорларнинг табиатига ҳам халқ уларга хизмат қилиши керак, деган тушунча сингиб кетган. Бу қусурлардан қутулиш эса осон кечмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Хитой Ғарб иқтисодиётини жорий қилишдан аввал, эркин иқтисодий ҳудудларга алоҳида эътибор қаратди. ЭИҲ хорижий инвестициялар киритишнинг асосий омилига айланди. Олдинига бундай ҳудудлар денгизбўйи вилоятларидагина ташкил қилинди. Улар синовдан ўтиб, натижа бергачгина оммалаштирилди. Хитой бозор иқтисодиётига ўтишда тўртта тамойилга эътибор қаратди:

Биринчидан, давлат тасарруфидаги мулклар хусусийлаштирилмади, балки хусусий сектор вакилларига катта-катта корхоналар барпо этиши учун кўмаклашилди.

Иккинчидан, мамлакатга келган хорижий инвесторларга қатъий талаблар қўйилди. Хитой уларга улкан истеъмол бозорини таклиф қилиш баробарида, улардан замонавий технологияларни талаб қилди. ЭИҲларда хорижнинг йирик компаниялари ёки кийим-кечак тайёрлайдиган корхоналари рўйхатдан ўтолмас эди. Лекин корхона ёки фабрика қуриб, уни замонавий хориж технологияси билан жиҳозлаган хориж компанияларига катта имтиёзлар яратилди.

Учинчидан, хитой пул бирлигининг барқарорлигини сақлаб қолишга алоҳида эътибор қаратилди. Бунда бош мезон аҳолининг молиявий идораларга бўлган ишончини йўқотмаслиги бўлди.

Тўртинчидан, 1990 йилларнинг охиридан Хитой ҳудудида ишлаб топилган хориж валютасини олиб чиқиб кетиш учун махсус рухсатнома тизими жорий қилинди. Бу чеклов ҳам нақд, ҳам нақдсиз валюталарга нисбатан кучда бўлди. Натижада Хитой ўзининг валюта захирасини тўплаб олди. Шуни таъкидлаш керакки, ҳудудда фаолият кўрсатаётган хорижлик компаниялар ҳам ноқонуний йўллар билан валютани чиқариб кетишга уринишмасди. Сабаби, ЭИҲда рўйхатдан ўтган хориж корхоналари фаолиятларининг илк икки йилида давлат бюджетига ҳеч қандай солиқ тўламас эди.

8723302468_2f195058ba_b.jpg

Изоҳ: Хорижий инвесторларни жалб қилиш учун эркин иқтисодий ҳудудлар барпо этиш бизда ҳам яхши йўлга қўйилган. Айниқса, кейинги икки йил ичида бундай ҳудудлар сони ошиб, у ерга келадиган хориж компанияларига катта имтиёзлар яратилди. Таъкидлаш керакки, бугун бутун Ўзбекистонни ЭИҲга қиёслаш мумкин. Чунки, мамлакатимизга сармоя киритишни истаган хорижлик инвесторларга барча эшиклар очиқ. Яна бир нарсага эътибор қаратиш лозим, Хитойда доимо тадбиркорлар, савдогарларни ҳурмат қилишган. Аммо қадимий Тан ва Сун сулолалари давридаёқ ҳокимият тизимига ишга олинмайдиган табақалар рўйхатига савдогарлар ҳам кирган. Уларнинг дунёқараши ва характери ҳокимиятни бошқаришга тўғри келмайди, деб ҳисобланган. Бугун ҳам Хитойда ана шу қараш мавжуд. У ерда ҳокимият тепасига хусусий сектор вакилларининг келишига йўл қўйилмайди. Ёки аксинча, марказий компартиянинг нуфузли раҳбарлари бирорта йирик корхонани бошқариши мумкин эмас.

40208288.jpg

Изоҳ: Мамлакатимизда тадбиркорларга улкан имкониятлар яратилган. Шунингдек, хусусий корхона раҳбарлари масъулиятли давлат лавозимларида ишлашига ҳам ҳеч қандай монелик йўқ. Аммо хитойликлар каби бизда ҳам мутасадди раҳбарлар, уларнинг фарзандлари тадбиркорлик билан шуғулланиши борасида жиддий ўйланса, фойдадан холи бўлмасди. Зеро, гувоҳи бўляпмизки, баъзан узоқ йиллар юқори лавозимларда фаолият кўрсатган раҳбарларнинг яқинлари томонидан тадбиркорлик баҳонасида кўплаб қонунбузарликларга йўл қўйилмоқда. Бу эса шубҳасиз, халқнинг ҳақли норозиликларига сабаб бўлади.

Хуллас, Хитой дунёдаги бизнес муносабатларини ўзгартира олди. Хитой маҳсулотини бугун дунёнинг исталган жойида учратиш мумкин. ХХI асрга келиб у чиндан ҳам “дунё фабрикаси”га айланди. Жаҳондаги фотоаппаратларнинг 50 фоизи, кондиционерларнинг 30 фоизи, кир ювиш машиналарининг 25 фоизи ва совутгичларнинг қарийб 20 фоизи айнан Хитойда ишлаб чиқарилар экан. Мобил телефонлар ҳақида гапирмай қўя қолайлик.

Акбар Қаршиев, ЎзА
6 420