ЎзА Ўзбек

25.04.2018 14:07 Чоп этиш версияси

Хитой киноси: кеча ва бугун

Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Кино саройида Хитой киноси кунларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси, Хитой миллий маданий маркази вакиллари, ХХРдан ташриф буюрган меҳмонлар, кино соҳаси ижодкорлари, киношунослар, журналистлар иштирок этди.

Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтадиган тадбирдан кўзланган асосий мақсад – икки мамлакат ўртасидаги фильмлар алмашинувини ташкил этиш, Ўзбекистон ва Хитой киноижодкорларини жалб этган ҳолда, қўшма фильмлар суратга олиш, мультипликация соҳасида ҳамкорлик қилишдир. Шунингдек, Хитойда ҳам ўзбек киноси кунларини ўтказиш ва у ердаги нуфузли халқаро кинофестивалларда ўзбек фильмларининг иштироки учун шарт-шароит яратишдан иборат.

– Юртимизда Хитой киноси кунлари бўлаётган айни вақтда, Қозоғистонда ўзбек киноси кунлари давом этмоқда, – дейди ҳужжатли фильмлар киностудияси директори Баҳодир Одилов. – Унда таниқли режиссёрларимиз томонидан суратга олинган, томошабин олқишини қозонган, энг сара фильмлар намойиш қилинаётир. Кино санъати ривожи учун бу каби амалий, дўстона ҳаракатлар ғоятда муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистонлик кино ихлосмандлари учун хитойлик киноижодкорлар томонидан суратга олинган "Пул йўлда югурмоқда" ва "Янги узилган гуллар" фильмлари намойиш этилади.

Инобат Аҳатова, ЎзА
6 232