ЎзА Ўзбек

06.07.2018 16:53 Чоп этиш версияси

Хитой Халқаро Импорт ЭКСПО-18 кўргазмасида Ўзбекистон вакиллари иштирок этади

Хитой Халқаро Импорт ЭКСПО-18 кўргазмасида Ўзбекистон вакиллари иштирок этади Жорий йилнинг 5-11 ноябрь кунлари Хитой Халқ Республикасининг молиявий маркази – Шанхайда ХИТОЙ ХАЛҚАРО ИМПОРТ ЭКСПО кўргазмаси ўтказилади.

Нуфузли тадбир ўтказилиши муносабати билан Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Цзинь Юйлун хоним бир гуруҳ журналистлар билан учрашиб, Хитойдаги йилнинг энг йирик тадбирларидан ҳисобланмиш ана шу кўргазма ҳақида батафсил маълумот берди.

Унинг таъкидлашича, Хитой тижорат вазирлиги, Жаҳон савдо ташкилоти, БМТнинг Савдо ва ривожланиш конференцияси, БМТ саноатни ривожлантириш ташкилоти – ЮНИДО Халқаро Импорт ЭКСПОсини ўтказишга бош-қош бўлади. Учта бўлим – давлат павильонлари, тижорий кўргазма ва юқори даражадаги форумдан иборат кўргазма учун 200 минг квадрат метрдан ортиқ майдон ажратилган. Юйлун хонимнинг айтишича, ЭКСПО кўргазмага курраи заминдаги 150 дан ортиқ компания вакилларининг ташриф буюриши кутилмоқда.

Шанхайда ўтказилажак ЭКСПО-2018 биринчи навбатда бутун дунё мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, жаҳон иқтисодиёти ва савдо соҳасини такомиллаштириш, жаҳон иқтисодиёти ривожи шаффофлигини рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

ХХР Раиси Си Цзинпин ўтган йили пойтахт Пекинда бўлиб ўтган «Бир макон – бир йўл» саммитида айнан шу кўргазмани ўтказиш таклифини илгари сурган эди. Хитой раҳбарининг ушбу ташаббусини кўплаб давлат етакчилари, шу жумладан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам қўллаб-қувватлади.

Савдо-саноат палатаси Ўзбекистондаги корхоналарни мазкур тадбирда қатнашишларини таъминлайди. Яқинда, аниқроғи, май ойи охирларида Ўзбекистондан ишчи гуруҳ Хитойга бориб, кўргазмага тайёргарлик жараёни билан яқиндан танишиб қайтди. Ҳозирга қадар Ўзбекистондан тўртта корхона кўргазмада қатнашиш истагини билдирган.

“Биз юртингиздан янада кўп фирма ва компанияларнинг қатнашишини истаймиз”, деди Цзинь Юйлун.

ЎзА
6 952