Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

11.09.2018 14:48 Чоп этиш версияси

Хитой делегацияси “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказида бўлди

Хитой делегацияси “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказида бўлди
Эпчиллик, уддабуронлик, меҳнатсеварлик, оилапарварлик. Ўзбек ва хитой хотин-қизларининг табиатидаги ўзаро ўхшаш жиҳатлар шу каби фазилатларда яққол намоён бўлади. Юртимизда меҳмон бўлиб турган Хитой Халқ Республикасининг Шанхай аёллар федерацияси вице-президенти Лю Ци хоним бошчилигидаги делегация аъзолари бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилмоқда. 

Лю Ци хоним бошчилигидаги делегация вакиллари “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказида бўлди. 

Марказ директори Д.Тошмуҳамедова мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ мамлакатимизда оила, оналик ва болалик манфаатларини ҳимоялаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.

Юртимизда яратилган мустаҳкам қонунчилик базаси, мукаммал тизим халқаро меъёр ва талабларга ҳамоҳанг тарзда оилалар мустаҳкамлиги, фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Бу йўналишда тегишли вазирлик ва идоралар билан бирга маҳалла, хотин-қизлар қўмитаси каби жамоат тузилмалари ҳам муносиб иштирокчидир. 

Давлат раҳбарининг 2018 йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони асосида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий тадқиқот марказининг фаолияти замон руҳига монанд йўлга қўйилди. 

"Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази оилаларда репродуктив саломатлик, демографик ривожланишни, фаровонлик ва хотиржамликни ошириш каби масалаларни ўрганиш, бой маданий-тарихий мерос ва оилавий муаммолар бўйича фундаментал, амалий, инновацион тадқиқотларни ўтказиш, улар асосида оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва ажримларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратмоқда. 

Делегация вакиллари "Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциациясига ҳам ташриф буюрди. Учрашув чоғида мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини янада ривожлантириш борасидаги амалий ишлар хусусида атрофлича сўз юритилди.

Юртимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқий, иқтисодий билимларини юксалтиришга кўмаклашиш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда ўз бизнесини муваффақиятли йўлга қўйиб, оиласи, жамиятга наф келтираётган ишбилармон опа-сингилларимиз кўпчиликни ташкил этади. 

Делегация аъзоларида юртимизда оилалар, хотин-қизларни кучли ижтимоий ҳимоялаш, хотин-қизлар тадбиркорлигини равнақ топтириш борасидаги амалий ишлар катта таассурот қолдирди.

– Ўзбекистонга сафаримиз давомида юртингиздаги аёлларга кўрсатилаётган эътиборни теран ҳис этдик, – дейди Шанхай аёллар федерацияси вице-президенти Лю Ци. – Оила масалаларига бағишланган турли халқаро конгресс ва конференцияларга ўзбекистонлик ҳамкасбларимизни ҳам таклиф этиш ниятидамиз. 

Меҳмонлар Тошкент шаҳридаги диққатга сазовор масканларни кўздан кечирди. 

Н.Усмонова, ЎзА