Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.08.2018 17:51 Чоп этиш версияси

Хитой делегацияси Ички ишлар вазирлиги академиясига ташриф буюрди

Хитой делегацияси Ички ишлар вазирлиги академиясига ташриф буюрди
Тошкентда Ички ишлар вазирлиги академияси ва Хитой Халқ Республикаси жамоат хавфсизлиги университети ҳамкорлигида ўқув курси иш бошлади.

Мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида ташкил этилган тадбирда ИИВ академияси раҳбарияти, курсантлар, ХХР жамоат хавфсизлиги делегацияси аъзолари – профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этаяпти.

ИИВ академияси бошлиғи Баҳодир Матлюбов ҳамда ХХР жамоат хавфсизлиги университети профессори Хуанг На мамлакатларимиз ўртасида фан, таълим, маданият соҳаларидаги алоқалар ривожланиб бораётгани, таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни ҳам мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш, кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсад қилинганини таъкидлади.

Ўтган йили Пекин шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси ҳамда ХХР жамоат хавфсизлиги университети ўртасида меморандум имзоланган эди. Ҳужжатда кадрлар алмашиш, уларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, таълим жараёнига замонавий инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда илмий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик масалалари кўзда тутилган.

Ҳамкорлик доирасида жорий йилнинг апрель-май ойларида ИИВ академиясининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари ва курсантлари ХХР жамоат хавфсизлиги университетида малака ошириб қайтди.

Жорий йилнинг 29 августига қадар ИИВ академиясида бўлиб ўтадиган ўқув курслари давомида хитойлик мутахассислар ўзбек халқининг тарихи, миллий урф-одат ва анъаналари, давлат бошқаруви тизими, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан танишади, тажриба алмашади.

Гулноза Бобоева, ЎзА
4 017