ЎзА Ўзбек

30.04.2019 21:10:15 Чоп этиш версияси

Хитой делегацияси “Global Allium Garden” очилиш маросимида иштирок этди


Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институтида 30 апрель куни Хитой Фанлар академиясининг Куньмин Ботаника институти директори, профессор Сун Ханг бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти, академик Бахтиёр Ибрагимов, Ботаника институти директори, академик Комилжон Тожибоев, Хитой Фанлар академияси Куньмин Ботаника институти директори, профессор Сун Ханг ва бошқалар сўзга чиқди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти ва Хитой Фанлар академияси Куньмин Ботаника институти ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Шу куни хитойлик олим Сун Хангга Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институтининг биринчи халқаро фахрий профессори унвони берилди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти директори, академик Комилжон Тожибоевга ҳам Хитой Фанлар академияси Куньмин Ботаника институтининг фахрий профессори унвони топширилди.

Ташриф доирасида Хитой делегацияси аъзолари Тошкент Ботаника боғида “Global Allium Garden” 2019 йил мавсумининг очилиш маросимида иштирок этди.

“Global Allium Garden” қўшма дастури 2018 йилда ташкил этилган. Марказ фаолияти доирасида биологик хилма-хилликни ўрганиш, Марказий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари табиий ландшафтларининг ёввойи пиёз турлари ноёб генофондини сақлаш каби вазифаларни амалга оширади.