ЎзА Ўзбек

29.08.2018 16:55 Чоп этиш версияси

Хитой делегацияси Фарғонада

Хитой делегацияси Фарғонада Хитой Халқ Республикасининг “Умумжаҳон ёшларни ривожлантириш форуми" ташкилотининг ижрочи президенти Си Лью хоним бошчилигидаги делегация Фарғона вилоятида бўлди.

Ўзбекистон билан Хитой ўртасида барча соҳаларда мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Ёшлар масаласидаги ҳамкорлик ҳам ана шу ишларнинг узвий давомидир. Таъкидлаш жоизки, мазкур делегация ташрифи ҳам Ўзбекистон ёшлар иттифоқи делегациясининг жорий йил 15-22 июль кунлари Хитой Халқ Республикасига сафарининг дастлабки натижаларидан бири бўлди. 

5.JPG

Меҳмонлар дастлаб Марғилон шаҳридаги миллий ҳунармандчилик марказида бўлиб, ёш тадбиркор ва ҳунармандларнинг кўргазмаси билан танишди. Ёшлар билан самимий мулоқот қилди.

– Ўзбекистон ёшларининг ғайрат ва шижоати менда катта таассурот қолдирди, – дейди “Умумжаҳон ёшларни ривожлантириш форуми“ ташкилотининг ижрочи президенти Си Лью. – Улар қўли билан яратилган иш намуналарини диққат билан кузатдик. Бу маҳсулотлар бизни ҳайратлантирди. Ёш ҳунармандлар истеъдоди бизни лол қолдирди. Албатта, келгусида барча соҳалардаги ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланиб, ҳудудларда ҳам дўстлик алоқалари кўлами кенгаяди.

8.JPG

Делегация аъзолари Қўштепа туманидаги “Исмоилжон гиламлари” қўшма корхонасида ҳам бўлди. Туркия билан ҳамкорликдаги мазкур қўшма корхона бугунги кунда 100 дан зиёд турдаги гилам ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган ипакдан тайёрланган гиламлар 100 фоиз экспорт қилинади. Эътиборли жиҳати, корхона ишчиларининг асосий қисми ёшлардир.

Риштон туманида бўлиб ўтган учрашувда кулолчиликнинг ўзига хос жиҳатлари хусусида фикр алмашилди. Туманда “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури асосида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Фарғона шаҳрида эса ёш тадбиркорлар учун маҳорат дарслари ташкил этилди.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат) ЎзА
3 252