ЎзА Ўзбек

06.08.2020 Чоп этиш версияси

“Хиросима куни” — Жаҳон ядро қуролини тақиқлаш учун кураш куни

“Хиросима куни” — Жаҳон ядро қуролини тақиқлаш учун кураш куни

Ҳар йили 6 август куни бутун дунё бўйлаб Хиросима куни — Жаҳон ядро қуролини тақиқлаш учун кураш куни кенг нишонланади. 1945 йил худди шу куни Америка авиацияси Япониянинг Хиросима шаҳри узра атом ҳужумини уюштирган эди.

Атом бомбасини жанговар ҳолатда қўллашга тайёргарлик 1944 йил ёзида бошланган. 1945 йил май-июнь ойларида Тинч океанидаги Мариан ороллари архипелаги ҳудудидаги Тиниан оролига Америка 509-аралаш авиация гуруҳи келиб жойлашди. 25 июлда АҚШ президенти Гарри Трумэн Хиросима, Кокура, Ниигата ёки Нагасаки шаҳарларидан бирига бомба ташлаш тўғрисидаги буйруқни маъқуллади.

1945 йил 6 август куни полковник Пол Тиббетс қўмондонлиги остида белгиланган туманлар томон В-29 Enola Gay ("Энола Гэй") ташувчи самолёти ортидан яна учта об-ҳаво-разведкачи самолёти йўл олди. Ташувчи самолётдан 6-7 километр ортда ядронинг портлаш параметрларини ўлчайдиган аппаратура ортилган ҳаво кемаси, 70 километр масофада эса портлаш натижаларини фото суратга олиш мақсадида яна бир қирувчи самолёт борарди.

Бомба ташланишидан бир соат олдин япон аввалдан аниқловчи радарлари тармоғи бир неча самолёт яқинлашиб келаётганини қайд этди, бироқ ҳаво кемалари сони кўп бўлмагани учун тез орада ҳаво тревогаси ҳолати бекор қилинди.

Соат 8 дан 15 дақиқа ўтганда 10 минг метр баландликдан амалга оширилган визуал мўлжал билан Хиросима шаҳрига уран юкланган, тротил эквиваленти 20 минг тоннага тенг бўлган “Little Boy” ("Малыш") атом бомбаси ташланди. Бомба 600 метр баландликда портлади.

Улкан зарба оқибатида саноқли дақиқалар ичида 80 мингга яқин инсон ҳалок бўлди, 12 мингдан зиёд киши бедарак йўқолди, 40 минг одам яраланди. Портлаш марказидан тўрт километр радиусда ёнғинлар узоқ давом этди. 12 квадрат километр майдондаги иншоотлар бутунлай вайрон бўлди, 90 минг уйдан 62 мингтаси қулади.

9 август соат 11 дан 01 дақиқа ўтганда ташувчи самолёт экипажи плутон билн ўқланган, тротил эквиваленти 20 минг тонналик яна бир атом бомбаси – “Fat Man” ("Толстяк")ни Нагасаки шаҳри осмонида портлатди.

Объект жойлашган ернинг мураккаб хусусияти ва эпицентр (шаҳар маркази)ни мўлжалга олишда қарийб икки километрга оғишиш қурбонлар ва вайронагарчилик даражаси бирмунча паст бўлишини таъминлади. Ҳалок бўлганлар ва бедарак йўқолганлар сони 73 мингни ташкил этди, кейинчалик нурланиш оқибатида яна 35 минг киши нобуд бўлди.

Жабрланганларнинг 50 фоиздан кўпроғи куйиш жароҳатини бошидан кечирди, 30 фоизи портлаш тўлқинидан азият чекди, 20 фоизи ҳудудни қоплаган радиация таъсирига дучор бўлди. Ёнғин натижасида биноларнинг аксарияти яроқсиз ҳолга келди.

Икки портлаш оқибатида жами 300 минг одам қурбон бўлди, бевосита жабрланди, 200 мингга яқин фуқаро радио фаол нурланишга учради.

Хиросима ва Нагасакига уюштирилган атом ҳужуми ядро қуроли бевосита одамларга нисбатан қўлланган инсоният тарихидаги ягона ҳолатдир.

Ҳарбий нуқтаи назардан тинч аҳоли истиқомат қилаётган икки япон шаҳрига бомба ташланиши ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайди, бу воқеанинг ҳеч бир соғлом фикрли изоҳи йўқ, чунки нацистлар Германиясининг иттифоқчиси бўлмиш Япон милитаристлари устидан қозонилган ғалаба миллион кишилик Квантун армияси совет қўшинлари томонидан тор-мор этилиши орқали таъминланган.

Тинч шаҳарларни бомбардимон қилиш орқали Қўшма Штатлар, энг аввало, сиёсий мақсадлар – ўз қудратини намойиш этиш, атом қуроли билан бошқаларни қўрқувга солиш ва стратегик устунликни таъминлашни кўзлади.

1955 йил 6 август куни Хиросимада атом ва водород қуролини тақиқлашга бағишланган биринчи халқаро конференция бўлиб ўтди. 1985 йил Раротонг шартномаси билан Тинч океанининг жанубий қисми ядросиз ҳудуд, деб эълон қилинди.

Шу тариқа Хиросима оммавий қирғин қуролларига қарши кураш рамзига айланди. Хиросима куни Жаҳон ядро қуролини тақиқлаш учун кураш куни сифатида нишонланадиган бўлди. Ушбу кун муносабати билан шаҳарда ҳар йили хотира маросими ўтказилади. Даҳшатли фожиани мудом эслатиб туриш мақсадида шаҳар марказидаги бир парча ер портлашдан кейин юзага келган вайрона ҳолатида сақланган.

"Йўқолсин уруш ва ядро қуроли!" шиори остида Японияда ҳар йили "Тинчлик марши" ташкил этилади.

Иштирокчилар мамлакатнинг 47 та префектурасини бир-бири билан боғлайдиган 13 йўналишда 10 минг километрдан зиёд йўлни босиб ўтишади ва тантанали юришни 6 август куни Хиросимадаги атом бомбаси портлаган ҳудуднинг марказий нуқтаси атрофида жойлашган Тинчлик хиёбонида якунига етказишади.

2010 йил ушбу воқеа муносабати билан уюштирилган тадбирда илк бор АҚШ вакили – АҚШнинг Япониядаги элчиси Жон Рус ва БМТнинг ўша вақтдаги раҳбари Пан Ги Мун иштирок этган.

Ўша йили Мемориал мажмуани тинчлик бўйича Нобель мукофоти соҳиблари Фредерик Виллем де Клерк, Мэйрид Корриган Магуайр, Муҳаммад ал-Барадоий, Жоди Уильямс, Ширин Ибодий ва Далай-лама XIV зиёрат қилишган.

2012 йил Хиросимадаги хотира тантаналарида АҚШнинг мудҳиш воқеага бевосита алоқадор собиқ президенти, бомба ташлаш тўғрисидаги буйруқни маъқуллаган Гарри Трумэннинг невараси Клифтон Трумэн Дэниел ҳам қатнашди.

2016 йил 11 апрелда "Катта еттилик" (G7) нинг Япониядаги саммити арафасида Япония, Германия, Буюк Британия, Франция, Италия ва Канада ташқи ишлар вазирлари Тинчлик хиёбонида 1945 йилдаги ядро бомбаси портлаши натижасида қурбон бўлганлар хотирасини ёдга олишди. Улар орасида АҚШ Давлат котиби Жон Керри ҳам бор эди. У 70 йил давомида бу ерга ташриф буюрган илк Америка ташқи сиёсати идораси раҳбари сифатида тарихда қолди.

2016 йил 27 майда Хиросимага илк бор АҚШнинг амалдаги президенти - Барак Обама келди ва атом бомбаси қурбонлари хотирасига ўрнатилган ёдгорлик пойига гул қўйди. У бутун дунёни ядро қуролидан воз кечишга чақирди.

Афсуски, ўшанда кўпчилик ОАВ АҚШ етакчиси, барибир, Америка япон шаҳарларида атом қирғинини уюштирганлиги учун кечирим сўрамаганига ҳам эътибор қаратди.

Интернет материаллари асосида
Ғ.ХОННАЗАРОВ тайёрлади

3 355
ЎзА