Хайрулло Бозоров: “Барча раҳбарлар очиқлик тамойили асосида ишлайди”
Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров илк бор вилоят фаоллари билан бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.
Вилоятдаги секторлар, ташкилот ва бошқармалар раҳбарлари энди очиқлик асосида ишлайди. Аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш баробарида ижтимоий тармоқлар орқали ҳам мурожаатларни қабул қилади. Кабинетда ўтирмасдан ҳудудларга бориб, йўналишлар бўйича муаммоларни ўрганади, уларни ҳал этиш чораларини кўради.
Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров илк бор вилоят фаоллари билан бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.
Вилоятда барча соҳаларда улкан салоҳият бор. Ундан самарали фойдаланиш эса аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим аҳамиятга эгадир. Ҳозирда мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаяпти. Айниқса, бугунги пандемия даврида инсонлар саломатлигини асраш билан бирга иқтисодиётни ривожлантириш зарур. Вилоят раҳбари тадбиркорликни ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, кўмакчи ва елкадош бўлиш устувор вазифа сифатида белгиланганлигини қайд этиб ўтди.
Вилоят, шаҳар ва туманларда “Тадбиркорлар уйи” ташкил этилиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш борасида аниқ чора-тадбирларни амалга оширади. Бир сўз билан айтганда, тадбиркорнинг муаммоси шу ерда ечим топади. Истиқболли лойиҳалар, бизнес-режалар ишлаб чиқилади.
Вилоят раҳбари тадбиркорлар билан ишлаш, ҳудудларни обод этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, уй-жой қурилиши ва бошқа соҳаларда олиб борилаётган ишларнинг талаб даражасида эмаслигини мисоллар орқали билдирди.
Биринчи марта мамлакатимиздаги туман ва шаҳарлардаги иқтисодий кўрсаткичлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш муҳити, инфратузилма ва мавжуд ресурслардан фойдаланиш даражаси ўрганилиб, таҳлиллар асосида улардаги тадбиркорлик ривожи ҳолати “яхши”, “ўрта” ва “қониқарсиз” ҳудудларга ажратилди. Афсуски, вилоятдаги Фурқат, Ёзёвон ва Қўштепа туманлари “қониқарсиз” деб топилган. Айни кунларда мазкур ҳудудлардаги муаммоларни ҳал этиш тадбирлари ишлаб чиқилмоқда.
Камбағалликни қисқартириш, эҳтиёжманд оилалар учун даромад манбаини топиб беришга ёрдам бериш барча сектор раҳбарларининг кундалик иш тартибидан жой олиши кераклиги таъкидланди.
– Дастлаб Фарғона, Қўқон шаҳарларида “халқ назорати” платформасини ишга туширишни режалаштирганмиз, -дейди вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров.-Аҳоли учун бу мулоқот майдони бўлади. Улар ҳудуддаги муаммоларни бемалол айта олсин. Мутасадди раҳбарлар эса уларни ҳал этиш чоралари кўриши лозим. Шунингдек, матбуот ва ижтимоий тармоқларда холис, асосли танқид бўлса, биз бемалол қабул қиламиз.
Шунингдек, вилоят раҳбари таълим, тиббиёт, маҳалла, қишлоқ хўжалиги каби соҳалардаги мавжуд ҳолатни чуқур таҳлил қилди. Шаҳар ва туман студияларида иштирок этган фаолларнинг вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги устувор мақсад ва вазифаларни амалга оширишда муҳим ўрни бор эканлиги таъкидлаб ўтилди.