Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

03.08.2018 15:32 Чоп этиш версияси

Хайрли ишлар ҳосиласи

Хайрли ишлар ҳосиласи
Президентимизнинг нутқ ва маърузаларини, жойлардаги учрашувларини экранларда кўриб, матбуотда ўқиб келаман. 

Бир йил олдин ижодкорлар билан мулоқотини бевосита муҳташам залларда кузатишга мушарраф бўлдим. Бундай йиғинлар кўлами, қамрови, очиқ-ошкоралиги, табиий ва самимийлиги, кўп жиҳатлари билан ўзгачалигига, катта аҳамият касб этишига, таъсир кучи зўрлигига ишонч ҳосил қилдим.

2017 йил 3 августда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бўлиб ўтган йиғилишга илм-фан, матбуот, адабиёт, санъат намояндаларининг алоҳида-алоҳида эмас, бир жамоа тарзида таклиф этилганида ҳам бир ҳикмат, маъно бор эди. Турфа соҳа мутахассисларининг ишлари, йўналишлари ҳар хил бўлса-да, қайсидир жиҳатлари билан эш, муносабатдош, бир-бирини тўлдириши, тақозо этиши боис уларнинг вазифалари пировард натижада умумий мақсадни амалга оширишга – юртимиз салоҳиятини кучайтириш, маънавиятини юксалтириш, миллий ва умуминсоний қадриятларни қадрлашга қаратилгандир.

Давлатимиз раҳбарининг ижод аҳлига катта ҳурмати ва ихлосини мажлис давомида яна бир бор ҳис қилдим. Унинг кўпчилик шоир, адиб, олим, рассом, бастакор, актёр, режиссёр, хонанда, созанда, муҳаррирларни шахсан билиши, фаолияти, асарлари, ижодий имкониятларидан яхши хабардорлиги бизни қувонтирди.

Учрашувда ижодий муҳитдаги қандайдир турғунлик, депсиниш, баъзи ташкилотлардаги сусткашлик, лоқайдлик, юқоридан буйруқ кутиб ишлаш, ташаббускорлик, ташкилотчилик етишмаслиги, тадбирбозлик, асарларга принципиал, ҳаққоний баҳонинг берилмаслиги, маданият соҳасида тижоратлашув, маънавият, маърифатнинг бизнесга айланишига йўл қўйилишининг олдини олиш, айрим тўйларда исрофгарчилик, дабдабага йўл қўйилаётгани, кийиниш, юриш-туришда Ғарбга тақлид ва ҳоказо нохуш ҳолатлар танқиди жуда ҳам тўғри айтилди.

Ушбу фикр-мулоҳаза ва таклифлардан нафақат, йиғилиш иштирокчилари, балки ҳар бир ижодга алоқадор киши борки, ўзига тегишли хулоса чиқариб, олдимизга аниқ мақсад қўйиб, ўтган давр мобайнида муайян ишларни қилишга ҳаракат қилдик, қиляпмиз. Саксон ёшимда Сурхондарё, Навоий, Жиззах, Самарқанд вилоятларида бўлиб, халқ орасида юриб, мақолалар, очерклар ёзишим Оллоҳнинг менга кўрсатган марҳамати.

Яқинда «Сеҳрли ва меҳрли сўз» деган йигирма беш босма табоқли китобим нашрдан чиқди. «Саидризо Ализода» деб номланган ҳужжатли фильмим томошабинлар томонидан яхши кутиб олинди.

Шу қисқа давр мобайнида соҳада амалга оширилган ишлар, хусусан, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг очилиши, сиртқи бўлимларга қабул бошланиши кўпчиликнинг истаги эди. Аммо ҳамон бартараф этилиши лозим бўлган айрим муаммолар ҳам йўқ эмас. Қалам ҳақи, гонорар масалаларида сезиларли ўзгаришлар бўлганича йўқ. Негадир чет муаллифларга қалам ҳақи бериш йўлга қўйилмаяпти...

Камина олтмиш йиллик журналистлик, адабиётшунослик, ярим асрлик педагогик стажга эга олий ўқув юрти домласи, олим, қаламкаш, залда ҳаяжонланиб, хурсанд бўлиб ўтирганимни экранда кўрганлар ҳалиям айтишади. Тўлқинланмай, фахрланмай бўлардими, ахир?! Бир вақтлар журналистика факультетларимизда ўқиган, ҳамкасбларим қатори бир ҳарф ўргатишга муяссар бўлганим йигит-қизлар бугунги кунда маданиятимиз ривожига салмоқли ҳисса қўшаётган бош муҳаррирлар, халқ ёзувчилари, хизмат кўрсатган маданият ходимлари, вазир мақомидаги раҳбарлар, депутатлар, арбоблар залда қўр тўкиб ўтиришарди. Давлатимиз раҳбарининг ижодкор-зиёлилар билан учрашуви мен сингари кўнгил кишилари учун бир умр эсда қоларли воқеа бўлди.

Сайди Умиров,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган 
ёшлар мураббийси, ёзувчи, журналист

ЎзА